Эрон террористик ҳужуми учун Озарбайжондан узр сўраши шарт – Алиев

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик ҳаракат деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтди. Бу ҳақда Президент бугун, 5 март куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўз очди.

“Бугун Эрон Озарбайжон давлатига қарши террористик акт содир этди. Эрон Нахичевон Мухтор Республикасига учувчисиз қурилмаларни учирди”, дейди Президент.

Шунингдек, у Эрон расмийлари Озарбайжон томонга тушунтириш бериши, узр сўраши кераклигини таъкидлаган.

“Ушбу ҳужумнинг нишонлари фуқаролик объектлари бўлган. Озарбайжон давлати бу жирканч террор актини қаттиқ қоралайди ва буни амалга оширганлар дарҳол жавобгарликка тортилиши керак. Эрон расмийлари Озарбайжон томонга тушунтириш бериши, узр сўраши ва ушбу террористик актни амалга оширган шахслар жиноят жавобгарлигига тортилиши лозим”, дейди Алиев.

Қолаверса, Алиев мамалакатда биринчи даражали сафарбарлик эълон қилди.

“Бизнинг қуролли кучларимиз – Мудофаа вазирлиги, Давлат чегара хизмати ҳамда Махсус кучларнинг бошқа барча бўлинмалари – биринчи даражали сафарбарлик ҳолатига келтирилди ва ҳар қандай операцияни ўтказишга тайёр бўлиши керак”, деган Алиев йиғилишда.

Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми

Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.

Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.  

Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган. 

Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг