Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий музокаралар бошланди

Олам

image

Бугун, 6 февраль куни Уммон пойтахти Маскатда Эрон ва АҚШ делегациялари ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар Уммон дипломатлари воситачилигида расман бошланди. Бу ҳақда Эроннинг “Mehr” агентлиги хабар берди.

Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бошчилик қилмоқда. Аввалги музокара босқичлари иштирокчиларидан ташқари, делегацияга ТИВ раҳбарининг иқтисодий дипломатия бўйича ўринбосари Ҳамид Ғанбари ҳам қўшилган. АҚШ музокара гуруҳига эса Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф раҳбарлик қилмоқда. Делегацияга Жаред Кушнер ҳам қўшилган.

Музокаралар бошланишидан аввал ҳар икки делегация раҳбари Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий билан учрашув ўтказган.

Бир неча соат аввал Эрон ТИВ раҳбари Теҳрон музокараларга “виждонан, аввалги тажрибани тўлиқ инобатга олган ҳолда ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаган ҳолда” киришаётганини маълум қилган. Эрон учун асосий устувор масала – санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатишдир. Хабарларга кўра, Вашингтон музокаралар кун тартибини кенгайтиришга интилган, бироқ Теҳрон фақат ядровий дастур масаласини муҳокама қилишга рози бўлган.

Бунгача “Axios” нашри ўз манбаларига таяниб, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар асосан араб иттифоқчиларининг АҚШ Президентига босими туфайли ўтказилаётганини ёзган. Нашрнинг ёзишича, минтақанинг камида тўққиз давлати раҳбарлари Оқ уй раҳбаридан учрашувни бекор қилмасликни сўраган.

2025 йилда АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Аббос Ароқчи Уммонда Эрон ядровий дастури бўйича беш раунд музокара ўтказган. Мамлакатлар ўртасидаги мулоқот натижасиз якунланган. Июль ойида АҚШнинг Эрон ядровий объектларига ҳужумидан сўнг шахсий алоқалар тўхтатилган.

26 январь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронни ядровий қуролдан тўлиқ воз кечишни назарда тутувчи “адолатли ва тенг ҳуқуқли” битим тузишга чақирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон ядровий музокара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг