Эрон ЕИ элчиларини огоҳлантирди

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрондаги Европа Иттифоқи давлатлари элчиларини вазирликка чақирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Маълум қилинишича, бу чақириқ Европа Иттифоқи Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (KSIK) террорчи ташкилотлар рўйхатига киритганидан сўнг янграган. Эрон томони бу қарорга нисбатан расмий норозилик билдириш ниятида эканини маълум қилган.

KSIK Эрон Қуролли кучлари таркибидаги элита ҳарбий тузилма бўлиб, унинг асосий вазифаси расмий шахсларни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Элчилар 1 февралдан бошлаб вазирликка чақирила бошлаган. Эрон ТИВ матбуот котиби Исмоил Бағаийнинг айтишича, Европа Иттифоқининг бу қарорига жавобан бир қатор чоралар кўриб чиқилган, турли вариантлар тайёрланиб, тегишли қарор қабул қилувчи органларга тақдим этилган. Унинг таъкидлашича, яқин кунларда Эрон томонидан ЕИнинг “ноқонуний, асоссиз ва ўта хато қадами”га нисбатан ўзаро жавоб чоралари акс этган қарор қабул қилинади.

Қолаверса, Эрон парламенти спикери Муҳаммад-Боқир Ғолибаф Европа Иттифоқи қарорига жавобан Эрон барча Европа Иттифоқи Қуролли кучларини террорчи ташкилотлар деб тан олганини билдирган эди.

29 январь куни Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Европа Иттифоқи KSIK’ни расман террорчи ташкилотлар рўйхатига киритганини эълон қилди. У, шунингдек, “минглаб фуқароларини ўлдираётган режим ўз ҳалокати сари ҳаракат қилмоқда”, деб баёнот берди. Шу куни Европа Иттифоқи Эронга қарши янги санкцияларни ҳам тасдиқлади. Санкциялар рўйхатига хавфсизлик ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги 15 нафар эронлик амалдор ҳамда олти юридик шахс киритилган. 

Европа Иттифоқининг бу қарорлари 2025 йил декабрь охири ва 2026 йил январь бошларида Эронда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ. Ушбу норозиликлар мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият сабаб бошланган. Эрон ҳукумати эса бу намойишларни АҚШ ва Исроил томонидан уюштирилган деб баҳолаган. 16 январь ҳолатига кўра, норозиликлар тўхтаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Европа Иттифоқи KSIK

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг