“Жаннатобод”даги бозорда йирик ёнғин юз берди (видео)
Олам
−
03 Февраль 3941 1 дақиқа
Бугун, 3 февраль куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрининг ғарбий қисмида жойлашган бозорлардан бирида йирик ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда “Al Arabiya English” хабар берди.
Қайд этилишича, ёнғин Теҳроннинг “Жаннатобод” маҳалласида жойлашган дўкон ва савдо расталарига бой ҳудудда юз берган. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг Теҳрон ёнғин бошқармаси вакилига таяниб хабар беришича, аланга жуда тез тарқалган.
Теҳрон фавқулодда хизматлар операциялари қўмондони Муҳаммад Беҳниянинг айтишича, ҳозирча ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳам номаълум.
“Ёнғин шу қадар кенг ҳудудни қамраб олганки, уни шаҳарнинг турли қисмларидан кўриш мумкин. Аланга ва қора тутун Теҳроннинг кўплаб ҳудудларидан кўринмоқда”, деган Теҳрон ёнғин бошқармаси вакили Жалол Малики.
Давлат телевидениесининг хабар беришича, ҳодиса жойига зудлик билан ўт ўчирувчилар етиб борган ва ёнғинни ўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Карачи шаҳридаги “Gul Plaza” савдо марказида ёнғин юз берганди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлган, 18 киши жароҳат олган.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси