Эронда эркак жиноят қилган жойида осиб ўлдирилди
Олам
−
21 Август 13434 2 дақиқа
Бугун, 21 август куни Эронда бир муддат олдин жиноят содир этган эркак суд ҳукми билан айнан ўша жойнинг ўзида осиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Нашрга кўра, одатда Эронда қатлга оид жазолар қамоқхоналарда ижро этилади. Жамоавий қатл эса кенг жамоатчилик ғазабини келтирган жиноятлар учун қўлланилади.
Вилоят суд тизими раҳбарига кўра, бу галги қатл Кордкуй шаҳрида – жиноят содир бўлган жойнинг ўзида амалга оширилган.
Нашрнинг қўшимча қилишича, қатл этилган шахс ўтган йили “эр-хотин ва ёш аёлни ов милтиғи билан отиб ўлдириш”да айбдор деб топилган.
Қайд этиш жоиз, Эронда қатл ҳукми тез-тез амалга оширилиб туради. Жорий йилнинг 19 август куни ҳам Эроннинг Форс вилоятида бир эркак она ва унинг уч фарзандини ўғрилик вақтида ўлдиргани учун жамоат олдида осилганди. Унинг рафиқаси ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган бўлиб, қамоқхонада қатл этилиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Amnesty International маълумотларига кўра, Эрон Хитойдан кейин дунёда энг кўп одамни қатл этадиган давлат саналади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги ўтган ой Эронга ўлим жазоларидан воз кечишни тавсия берганди ҳамда йилнинг биринчи ярмида камида 612 кишининг қатл этилишини “жиддий масала” сифатида баҳолаганди.
Эрон эса жавобан ўлим жазоси фақат энг оғир жиноятлар учун қўлланилишини таъкидлаган. Мамлакат қонунчилигига кўра, қотиллик, зўрлаш, зино ва айрим гиёҳвандлик жиноятлари учун ўлим жазоси қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Мазандарон вилоятида яшовчи 56 ёшли Колсум Акбари исмли аёл 22 йил давомида 11 нафар эрини заҳарлаб ўлдирганликда айбланаётгани ва унга ўлим жазоси берилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси