Эстония Россия билан чегарани мустаҳкамламоқда
Олам
−
30 Май 1544 2 дақиқа
Эстония ҳукумати Россия билан чегаранинг айрим ҳудудларида дронларни аниқлаш ва кузатишга мўлжалланган қурилмаларни ўрнатишни бошлади. Бу ҳақда Эстония миллий телерадиокомпанияси маълум қилди.
Ҳозирча тизимлар Луҳамаа чегара-ўтказиш пункти ва Эстония, Латвия ҳамда Россия чегаралари туташган ҳудуд оралиғидаги учта қуруқлик участкасида ишга туширилган.
Дронларга қарши инфратузилма Саатсе ҳудуди яқинида ҳамда Пиуза дарёси бўйлаб барпо этилмоқда. Стационар ускуналар ҳали ўрнатилмаган жойларда эса Эстония полицияси ва чегара қўриқлаш хизмати мобил дрон кузатув тизимларидан фойдаланмоқда.
Эстония Ички ишлар вазири Игор Таронинг айтишича, сўнгги пайтлардаги дронлар билан боғлиқ ҳодисалар хавф-хатарлар тўғри баҳоланганини кўрсатмоқда.
“Сўнгги дрон ҳодисалари хавфларни жуда реал баҳолаганимизни кўрсатди. Шарқий чегарамиз яхши қўриқланмоқда, дронларга қарши кураш имкониятларининг кенгайиши бутун Европа хавфсизлигини мустаҳкамлайди”, деган у.
Сўнгги йилларда Болтиқбўйи давлатлари, жумладан Эстония, ўз ҳаво ҳудудига дронлар кириб келаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқда. Май ойи ўрталарида Эстония Россия билан чегара яқинидаги ҳаво ҳудудининг бир қисмини учишлар учун вақтинча ёпган эди. Бунга учувчисиз учиш аппаратлари фаоллиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 майга ўтар кечаси Руминиянинг Галац шаҳрида учувчисиз учиш аппарати (дрон) кўп қаватли тураржой биноси устига қулаганди. Ҳодиса оқибатида ёнғин келиб чиққан. Бу дрон Россияга тегишли эканини таҳмин қилмоқда.
Live
Барчаси