Фарғонада даладан опий олаётган уч киши ушланди
3-саҳифа
−
08 Октябрь 5421 2 дақиқа
Фарғона вилоятида дала майдонига яширилган опий гиёҳвандлик воситаларини олаётган уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир олиб борилган. Тадбир давомида Фарғона вилояти Данғара туманида Қўқон-Тошкент автомагистраль йўлининг четида жойлашган дала майдонига кўмиб яширилган тўрт дона полиэтилен матога жойлашган опий гиёҳвандлик воситаларини олаётган уч нафар шахс ушланган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида муқаддам гиёҳвандлик жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилган 1997 йилда туғилган аёл ва унинг жиноий шериклари — 1989 йилда туғилган ҳамда 1974 йилда туғилган фуқаролар трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари эканлиги, ушбу наркогуруҳнинг аъзолари Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларида ҳам фаолият юритиши маълум бўлган. Тадбир давомида жами 4 килограмм опий гиёҳвандлик воситалари ашёвий далиллар тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бешинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳозирда қолган жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона хизмати ходимлари ҳамкорлигида трансмиллий уюшган наркожиноятчаликка қарши халқаро тезкор-қидирув тадбири ўтказилиб, 111 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинганди.
Live
Барчаси