Фарғонада ўсмир болалардан ташкил топган жиноий гуруҳ ушланди (видео)
3-саҳифа
−
13:40 6282 2 дақиқа
Фарғона вилоятида мактаб ўқувчилари ва бошқа одамларни қўрқитиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жиноий гуруҳ таркибида 15, 18, 20 ёшли шахслар бор. Хусусан, муқаддам Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан судланган, 2004 йилда туғилган шахс гуруҳ етакчиси сифатида жиноий гуруҳ шакллантирган ва уларнинг ҳаракатини ташкил қилишда бажарувчи ва ёрдамчи шахслардан иборат беш кишини ёнига жамлаган.
Улар “Қиргули” даҳасидаги мактаб ўқувчилари ва фуқароларни қўрқитиш, тан жароҳати етказиш билан таҳдид қилиб, телефон ва моддий қийматликларни ўғрилик, фирибгарлик, талончилик йўли билан қўлга киритган. Шунингдек, мазкур жиноий тўда гуруҳ атрофига бошқа шахсларни жалб қилишга мунтазам ҳаракат қилиб келган.
Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган. Жиноий гуруҳнинг барча аъзолари Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддаси тартибида вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Уларнинг жиноий фаолиятига доир уяли алоқа воситалари, жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг ёнидан топилган “гашиш” гиёҳвандлик моддаси ва совуқ қурол ашёвий далил тариқасида олиниб, ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида интернет наркодўконнинг саккиз нафар йирик аъзолари ушланиб, уларнинг 219 килограмм миқдорда кучли таъсир қилувчи моддаларини сақлаб келгани аниқланган эди.
Live
Барчаси