Фарғонада юк машина ғилдиракларидан қарийб 20 кг наркотик топилди (видео)
3-саҳифа
−
12:40 1325 1 дақиқа
Фарғона вилояти Риштон тумани “Деҳқонобод” маҳалласида юк машинанинг ғилдиракларидан қарийб 20 кг оғирликдаги гиёҳванд модда топилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳудудда ўтказилган тезкор тадбирда қўшни мамлакатдан келган “Volvo” юк машинасининг ғилдираклари ичига хуфиёна тарзда яширилган гиёҳванд моддаларни олаётган вақтларида 52 ёшли автомашина ҳайдовчиси ҳамда буюртмачи ҳисобланган Учкўприк туманида яшовчи 26 ёшли шахс ушланган.
Ғилдираклар ичига жами 3 кг 408 гр “опий” ва 16 кг 405 гр “гашиш” моддалари яширилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга буюртмачи шахснинг 46 ёшли отаси ҳам алоқадор экани аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ва 25, 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган юк машинасида жами 366 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланганди.
Live
Барчаси