Франция ҳам Гренландияга қўшин юборди
Олам
−
15 Январь 3538 2 дақиқа
Франция Германия, Швеция ва Норвегия билан биргаликда Гренландияда қўшма ҳарбий машқларда иштирок этмоқда. Ҳарбий машғулотлар Данияни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бу ҳақда “France in English” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Франция Гренландиядаги совуқ иқлим шароитига ўзининг тоғ аскарларини юборган. Бу қарор АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Гренландия суверенитетига оид сўнгги таҳдидларидан сўнг қабул қилинган.
Франция Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, тоғ аскарлари совуқ иқлим шароитида машқ ўтказади ва улар Дания кучлари билан ҳамкорлик қилади. Ҳозирча аниқ сонлар ошкор қилинмаган, лекин машқлар 2026 йил 15–17 январь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ учта НАТО давлати – Германия, Швеция ва Норвегия ҳам Гренландияга қўшин юбориши айтилганди. Маълумот учун, Германия Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига 13 нафар разведка аскарини юбориб, келгусидаги ҳарбий иштирок имкониятларини баҳолайди, денгиз мониторинги соҳасидаги шароитларни текширади. Швеция ҳам ушбу автоном ҳудудга Дания бошчилигидаги машқларнинг кейинги босқичларини тайёрлаш вазифасини бажараётган офицерларни жўнатган. Норвегия эса қўшма миссияга икки аскар билан ёрдам беради.
Ушбу мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, айниқса АҚШнинг минтақага оид стратегик режалари юзасидан хавотирлар ортаётган бир пайтда, Гренландия хавфсизлигини таъминлашда Европа иттифоқчилиги нақадар муҳим эканини кўрсатади. Германия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, разведка ишлари минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун барқарор ҳарбий иштирок доирасини шакллантиришга қаратилган.
Live
Барчаси