Франция Ўрта ер денгизида Россия танкерини қўлга олди

Олам

image

Франция Ўрта ер денгизининг ғарбий қисмида Россиянинг “соя флоти”га мансуб бўлишида гумонланган ГРИНЧ номли рус нефть танкерини қўлга олди. Операция Испаниянинг жанубий ва Марокашнинг шимолий қирғоқлари оралиғида амалга оширилган. Бу ҳақда 22 январь куни Франция расмийларига таяниб, “Euronews” хабар берди.

Қайд этилишича, Франция президенти Эммануэль Макрон операция давомида мамлакатни бир қатор иттифоқчилар, жумладан Буюк Британия қўллаб-қувватлаганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, кема халқаро санкциялар остида бўлиб, сохта байроқ остида ҳаракатланган бўлиши мумкин.

Марсель прокуратураси танкер йўналишини ўзгартириб, қўшимча текширувлар учун бошқа манзилга юборилганини маълум қилди.

Бу ҳолат Францияда илк бор содир бўлаётгани йўқ. Хусусан, 2025 йил октябрь ойида ҳам француз расмийлари мамлакатнинг ғарбий соҳилида санкцияларга учраган нефть танкерини қўлга олган, бироқ бир неча кундан сўнг уни қўйиб юборганди.

ТАСС ахборот агентлигининг хабар беришича, Россия расмийлари зарурат туғилганда ёрдам кўрсатиш мақсадида танкер бортида Россия фуқаролари бор-йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Маълумот ўрнида, “соя флоти” асосан Ғарб суғурта ва рўйхатдан ўтказиш тизимларидан ташқарида фойдаланиладиган эски кемалардан иборат. Россия уларни Украинага ҳарбий босқинидан кейин жорий этилган Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш учун ишлатади. Ҳиндистон ва Хитой каби мамлакатларга чегирмали нархларда сотилган нефтдан тушган даромадлар урушни молиялаштиришга йўналтирилади.

Украина президенти Владимир Зеленский Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу операция “зарур қатъият”ни намоён этаётганини ёзди. У санкцияларга алоқадор кемаларни ҳибсга олиш ва улар ташиётган нефтни мусодара қилиш каби янада қатъий чоралар кўришга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Россия байроғи остидаги кемани ушлагани ҳақида хабар берилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Франция Марсель соя флоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг