Гендер тенглик тушунчаси нотўғри талқин қилинади – Алматов
Жамият
−
13 Февраль 3837 2 дақиқа
Бугун, 13 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ Кинология марказида ўтказилган пресс-турда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокир Алматов аёллар жиноятчилиги, ажримлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан маълумот берди.
Расмийнинг айтишича, ўтган бир йил давомида аёллар томонидан қарийб 3 мингта жиноят содир этилган. Шунингдек, ажримлар бўйича 76 мингта ҳужжат келиб тушган бўлиб, уларнинг 32 мингдан ортиғи суд қарори билан расман бекор қилинган никоҳлар ҳиссасига тўғри келади.
Маслаҳатчи ёшлар ўртасидаги жиноятчилик кўрсаткичларига ҳам тўхталди. Қайд этилишича, ўтган йили ёшлар томонидан 2 798 та жиноят содир этилган. Шундан қарийб 1 900 таси мактаб ўқувчилари, 500 га яқини коллеж ва техникум ўқувчилари, 500 дан ортиғи эса олий таълим муассасалари талабалари ҳиссасига тўғри келган.
Алматов бу рақамлар оддий статистика эмаслигини таъкидлаб, бир йилда 32 мингдан ортиқ оила бузилгани — минглаб тақдирлар ва болалар ҳаётига таъсир кўрсатувчи жиддий ижтимоий масала эканини қайд этди. Унинг фикрича, ёшлар тарбияси, оилавий муҳит ва жамиятдаги мувозанат масалалари ўзаро боғлиқ.
Шунингдек, пресс-тур давомида гендер тенглик тушунчасининг нотўғри талқин қилиниши оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатаётгани айтилди. Маслаҳатчи гендер тенгликни эркак ва аёлнинг ҳуқуқ ва имкониятлар жиҳатидан тенглиги сифатида изоҳлаб, меҳнат, таълим ва бошқарув соҳаларида тенг имкониятлар таъминланиши зарурлигини билдирди.
“Бугун аёллар орасидан ҳоким ҳам, вазир ҳам чиқмоқда — бу ижобий ҳолат. Аммо оиладаги масъулият ва қадриятлар масаласини унутмаслик керак. Оила устунлик билан эмас, ўзаро ҳурмат ва мувозанат билан мустаҳкам бўлади”, дейди маслаҳатчи.
Яна бир жиҳат сифатида аёллар муаммосини сиёсийлаштириш эмас, уни чуқур ва тўғри англаш зарурлиги таъкидланди. Қайд этилишича, статистик кўрсаткичларнинг пасайиши муаммо ҳал бўлганини англатмайди. Оиладаги низолар ва ажримлар бартараф этилмас экан, ижтимоий муаммолар ҳам сақланиб қолиши мумкин.
Шу муносабат билан маҳаллаларда оилалар билан тизимли ишлаш, профилактик чораларни кучайтириш орқали ажримлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш зарурлиги алоҳида урғуланди.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль