Германия илк бор БМТ Хавфсизлик Кенгашига сайланмай қолди
Олам
−
04 Июнь 903 2 дақиқа
Германия 2027–2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг номустақил аъзоси этиб сайланмади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Жорий йилнинг 3 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясида ўтказилган яширин овоз бериш натижаларига кўра, Португалия 134 та, Австрия эса 131 та овоз тўплаб, Германияни ортда қолдирган. Германия номзоди учун 104 давлат овоз берган. Сайланиш учун камида 127 та овоз талаб этилган.
Бу Германия тарихида биринчи марта мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига номустақил аъзо сифатида сайланмай қолишидир. Аввал Германия олти марта мазкур кенгаш таркибига кирган.
Овоз бериш жараёнида Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль иштирок этди. Йиғилишга эса БМТ Бош Ассамблеяси раиси, Германиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Анналена Бербок раислик қилди.
Германия, Австрия ва Португалия БМТнинг “Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар” минтақавий гуруҳи учун ажратилган икки ўрин учун рақобатлашган. Германия ТИВ маълумотларига кўра, мамлакат 2024 йил ҳолатида БМТ тизимига энг кўп бадал тўловчи иккинчи давлат ҳисобланган.
Германия парламентидаги “Яшиллар” партияси депутати Агнешка Бруггер бу натижа учун канцлер Фридрих Мерц ва ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефульни танқид қилган. Унинг фикрича, ҳукумат Германия номзодини халқаро майдонда етарлича фаол тарғиб қилмаган ва иқлимни муҳофаза қилиш, халқаро ҳамкорлик ҳамда қоидаларга асосланган жаҳон тартибини қўллаб-қувватлаш соҳаларида таъсирини кучайтира олмаган.
ХДС/ХСС блокининг ташқи сиёсат бўйича эксперти Юрген Хардт эса Германиянинг мағлубиятини афсусли ҳолат деб баҳолаган. У келгусида Европа давлатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ўринлар учун ўзаро рақобатга киришмаслиги учун позицияларни олдиндан мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлаган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига вето ҳуқуқига эга бўлган беш доимий аъзо – АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция ҳамда ўн нафар номустақил аъзо киради. Номустақил аъзолар икки йиллик муддатга сайланади ва уларнинг ярми ҳар йили қайта сайлаб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ўз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани ҳақида хабар берилганди. Республика 2027–2028 йилларда жаҳон ташкилотининг асосий органларидан бири таркибида бўлади.
Live
Барчаси