Германия ЕИни АҚШга қарши жавоб божларини жорий этишга чақирди
Олам
−
18 Январь 2742 1 дақиқа
Германияда “Яшиллар” сиёсий партияси Европа Иттифоқини АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Гренландия атрофидаги можаро доирасида билдирган бож таҳдидларига жавобан қарши божлар жорий этишга чақирди. Бу ҳақда Бундестагдаги “Яшиллар” фракцияси раҳбари Катарина Дрёгега таяниб, NTV телеканали хабар берди.
“Европа Иттифоқи ҳозир Трампнинг божхона таҳдидлари қаршисида чекинмаслиги керак… Трампга аниқ жавоб зарур – ЕИ божлар билан боғлиқ таҳдидларга жавобан қарши божлар жорий этади”, дейди Дрёге.
NTV маълумотига кўра, Дрёге Германия федерал канцлери Фридрих Мерцни ҳам Трампга нисбатан ҳозирги сиёсати учун танқид қилган.
“Фридрих Мерц юритаётган чекиниш ва муросага мойиллик стратегияси муваффақиятсизликка учради”, дейди у.
Дрёгенинг фикрича, халқаро тартибни ҳимоя қилиш учун ўзига ишонч ва аниқ позиция зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп февраль ойидан бошлаб Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндияга нисбатан 10 фоизлик божлар жорий этилишини маълум қилганди. Унинг айтишича, кейинчалик бу божлар 25 фоизгача оширилади ва Гренландияни Қўшма Штатлар томонидан сотиб олиш бўйича келишувга эришилмагунча амал қилади.