Германияда эркакларга мамлакатни рухсатсиз тарк этиш тақиқланди
Олам
−
04 Апрель 2929 2 дақиқа
Германияни уч ойдан кўпроқ муддатга тарк этиш учун 17 ёшдан 45 ёшгача бўлган барча эркаклар Бундесвер Карьера марказининг розилигини олишлари шарт. Ушбу чора жорий йил 1 январдан кучга кирган. Бу ҳақда “Berliner Zeitung” хабар берди.
Нашрнинг аниқлик киритишича, “Ҳарбий хизматни модернизация қилиш тўғрисида”ги қонун доирасидаги бу тузатиш “сезилмай” қолган. Шу пайтгача чет элда узоқ вақт қолиш учун рухсатнома чақирилувчилардан фақат икки ҳолатда талаб қилинган: биринчиси – Бундестаг ёки НАТО томонидан белгиланадиган ташқи таҳдид кучайганда, иккинчиси – мамлакат ҳудудига амалда қуролли ҳужум уюштирилган мудофаа ҳолатида. Бироқ 2026 йил бошидан бошлаб бу талаб ушбу истисноли ҳолатлардан ташқари, яъни оддий тинчлик даврида ҳам долзарб ҳисобланади.
“Frankfurter Rundschau” (FR) янги қоида амалиётда қандай қўлланилиши ноаниқ эканлигига эътибор қаратган, чунки 45 ёшгача бўлган эркакларнинг аксарияти “катта эҳтимол билан бу тартиб мавжудлигидан бехабар”.
“Ушбу қоиданинг асосий мақсади ва бош тамойили – зарурат туғилган ҳолат учун ишончли ва маълумотларга бой ҳарбий реестр яратишдир”, дейди Федерал Мудофаа вазирлиги вакили “Ippen.Media” учун берган изоҳида.
Унинг қўшимча қилишича, “фавқулодда вазиятда ким чет элда узоқ вақт бўлиши мумкинлигини билиш” зарур.
Вазирлик ушбу янгиликнинг оқибатлари “чуқур” эканини тан олган. Ҳозирда у ерда “ортиқча бюрократиядан қочиш” учун “норматив ҳужжатларни аниқлаштириш” устида иш олиб борилмоқда.
Германия ҳукумати Бундесвер қўшинлари сонини ҳозирги тахминан 184 минг нафардан 2035 йилгача 255-270 минг аскаргача оширишни режалаштирмоқда. 2008 йилда ва ундан кейин туғилган барча йигит-қизлар ҳарбий хизматга тайёрлиги ҳақидаги анкетани тўлдиришлари керак. Эркаклар учун жавоб бериш мажбурий, аёллар учун эса ихтиёрий.
“Foreign Affairs” ёзишича, Германия ҳарбий қудратини ошириб, Европанинг навбатдаги гегемонига айланиши мумкин. Бугунги кунда Германия ҳарбий бюджети дунёда тўртинчи ўринда туради. Мамлакатнинг йиллик ҳарбий харажатлари 2029 йилга бориб 189 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда, бу 2022 йилдаги кўрсаткичдан уч баравар кўп. Бироқ Германия канцлери Фридрих Мерц Германия тарихий сабоқ олганини ва Европа гегемони ролидан абадий воз кечганини айтган.
Live
Барчаси