“Ғилдиракли тобут” ёхуд Damas энг хавфли машина
Таҳлил
−
13 Май 1697 10 дақиқа
Навоийда 14 нафар болани битта Matiz’га “тиқиб” олиб кетаётган боғча мудираси автоҳалокатга учраб, вафот этди.
Самарқандда 24 нафар болани ҳар куни ўзининг Damas’ига “босиб” боғчага ташиган ҳайдовчи аниқланди.
28 та гўдакни юк ташигандек олиб юрган шахс ҳам жаримага тортилди.
Бухорода бўлса, маст ҳайдовчи 40 та боғча боласини автобусда олиб кетаётгани аниқланди.
Жуда ғалати сарлавҳалар-а? Аммо бу каби жипслаштиришлар сиз ва биз яшаётган шу бугунги ҳаётда жуда кўпчилик учун ўта оддий ва одатий бўлиб қолган. Бугун кўпчилик ота-оналарнинг “вақтим йўқ”, “боғча узоқ”, “ишимга улгуришим керак” деган баҳоналари билан изоҳланадиган, гўёки фарзанди учун қилинаётган яхшилик сифатида кўриладиган, аммо боласининг ҳаётини ўз қўли билан хавфга солишдан бошқа нарса бўлмаган “болаларни оммавий ташиш” мавзусида гаплашамиз.
Бугун бир маҳаллада яшовчи ота-оналарнинг ўзаро келишиб, битта машинани доимий равишда эрталаб болаларни боғчага олиб бориш ва кечга яқин олиб келиш учун гаплашиб, ҳатто ойлик тўловни жорий қилиб, унга ўнлаб болаларни “тиқиб” юбориши кундалик ҳаёт тарзига айланган. Айниқса, чеккароқ ҳудудларда бу авж олган ва мавжуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда идеал ечимдек кўринади. Сабаблар аниқ: масофа узоқ, қолаверса, бир киши ҳар куни 2 маҳал бориб келиши керак бўлади. Бунда ё уйдаги ёки кўчадаги иш қолиб кетади, якка ҳолатда жўнатай деса, йўлкира фалон сўм бўлиб кетади ва ҳоказо. Аммо бугун бир машинага ўнлаб болаларни юклаш эвазига ютилаётган вақт эртага реанимация бўлими эшигини олдида соатлаб туриш учун сабаб бўлиши мумкин. Бугун ўнлаб болаларни бир машинага тиқиш эвазига тежалаётган пуллар, эртага 10 карра кўп ҳажмда ўша болаларни даволаш учун сарфланиши мумкин. Мавзуни бир нечта мисоллар билан кўриб чиқамиз.
Шу йилнинг 5 май куни Навоий вилоятининг Нурота туманида 14 нафар болани олиб кетаётган Matiz автоҳалокатга учради. Уни бошқарган шахс эса, оилавий боғчанинг мудираси, 34 ёшли аёл бўлган. Вилоят ЙҲХБ берган маълумотларга кўра, ҳайдовчи тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида рул бошқарувини йўқотган ҳамда йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида аёл кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган. Автомобилда бўлган 14 нафар вояга етмаган йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган, 1 нафар бола комага тушган. Маълумотларга кўра, машинада мудиранинг турмуш ўртоғи ва болалари, жумладан, 3 ойлик чақалоғи ҳам бўлган. Энг муҳим жиҳати шундаки, марҳума аёл ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда йиллар давомида машина бошқариб келгани аниқланган. Тушуняпсиз-а? Ўтганларнинг ортидан ёмон гаплар айтиш яхши эмас, буни биламиз. Шунчаки бошқалар ҳам керакли хулосаларни чиқариши учун хабардорлик даражасини ошириш шарт. Бу ерда ота-оналарни ҳам оқлаб бўлмайди. Бир Matiz’га 14 та бола сиғдиришни ечим сифатида кўрган, ишонган, хавотирланмаган катталар бугун қай даражада афсусланаётгани фақат ўзларига аён. Ҳар ҳолда бир ўриндиққа бир киши ўтириши кераклигини англаш ментал арифметикани тушунишдек қийин иш эмас.
3 май куни эса, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан Damas автомашинаси салонига 24 ва 28 нафар болани миндириб ҳаракатланаётган икки ҳайдовчи ушлангани эълон қилинганди. Рақамларга эътибор бердингиз-а? Энди 5 кишига мўлжалланган Matiz’га 14 та болани сиғдира олгандан кейин каттароқ машинадаги кўрсаткич ҳам кўпроқ бўлиши керак эди-да! Ҳар икки ҳайдовчи “бағри кенг” автомашинасида болаларни ҳар куни мактабгача таълим муассасасига ташиш билан шуғулланган. Автоуловдаги болалар ҳам буни тасдиқлаган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга тегишли маъмурий баённома тузилиб, автомобиллари жарима майдончасига олиб борилган. Аммо улар яна бу ишни қилмаслигига аниқ ваъдани ҳеч ким беролмайди. Тушунамиз, бу вазиятни “тирикчилик” важи билан изоҳлайдиганлар ҳам бор. Йўловчи кам, “заправка”ларда эса ҳар хил вазият, бундай пайтда жамоавий ташиладиган болалар ҳам вақт, ҳам нақд масаласида фойдалироқ. Аммо кимнингдир тирикчилиги болаларнинг тириклигига хавф солмаслиги керак-ку!
Навбатдаги вазиятни кўриб чиқамиз. Бухоро вилоятининг Ромитан туманида 40 нафар боғча болаларини олиб кетаётган автобус ҳайдовчисининг спиртли ичимлик таъсирида экани аниқланди. Масъулият даражасини қаранг! Оз эмас, кўп эмас 40 та болани олиб кетаётган одамдан ароқ иси анқиб тургандир ахир. Болаларни қаергадир олиб боришни буюрган ташкилотдан, ёки салон ичида тарбиячи мақомида кетаётган аёл ё ота-оналардан наҳот биронтаси кимнинг қўлига ёш болаларни ишониб топшираётганига қизиқмаган?
Энди эса, шу яқин вақт ичида аниқланган ва оммага ошкор қилинган вазиятларга қисқа тўхталиб ўтамиз. Жорий йилнинг 5 февралида Damas’да 23 нафар болани ташиган ҳайдовчи жазолангани маълум қилинганди. У Тошкент вилояти Оҳангарон туманида тўхтатилган.
2025 йилнинг апрель ойида бўлса, Damas’да 25 та бола ташиган ҳайдовчи ушланганди. Бу қоидабузар Самарқанд вилояти Жомбой туманида аниқланган.
2025 йилнинг 2 май санасида эса, Сурхондарёда яна ўша учар ва “кенгаювчи” Damas’да кўплаб болани ташиган ҳайдовчи аниқланди. У аввалги “қилиқдош”ларини ортда қолдириб, 32 та ёш болани машинасига сиғдирган ва бамайлихотир катта йўлга чиққан.
Бу воқеадан бир кун ўтиб эса, сирдарёлик ҳайдовчи Damas’да 28 та болани ташигани учун жазолангани эълон қилинди.
Ўтган йилнинг 30 май санасида Бухорода аввалига 20 нафар, бошқа ҳолатда эса 16 нафар болаларни Damas’да ташиган ҳайдовчиларга чора кўрилганди.
Эътибор берган бўлсангиз болаларни диққинафас қилиб, худди кераксиз ва жонсиз буюмдек ташишда кўпроқ Damas автомобили воқеа марказига чиқади. Аслида бу русумдаги машина бошқарувда ва тўқнашувлардаги энг хавфли улов ҳисобланади. Келинг бироз ваҳшиёна кўринса ҳам, Damas автомашинаси билан содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий авариянинг даҳшатларини назарий жиҳатдан кўриб чиқамиз.
Damas — “Ғилдиракли тобут”
Damas автомобили ўзининг тузилиши жиҳатидан энг юқори хавф даражасига эга транспорт воситаларидан биридир. Унга меъёрдан 4-5 баравар кўп одам ортилганда, машина бошқариладиган техника эмас, балки рамзий маънодаги бошқариб бўлмайдиган “ғилдиракли тобут”га айланади.
Damas’да олди капот, бошқачароқ айтганда ҳимоя ҳудуди деярли мавжуд эмас. Ҳайдовчи ва олдинги ўриндиқдаги йўловчи бевосита тўқнашув нуқтасида ўтиради. 20-25 нафар бола ортилганда, машина ичида умуман бўшлиқ қолмайди. Тўқнашув вақтидаги зарба тўлқини тўғридан-тўғри болаларнинг танасига ўтади. Уларнинг ойнадан отилиб чиқиб кетиш эҳтимоли жуда юқори.
Машинада 25 та бола бўлса ва у соатига 60 км тезликда ҳаракатланса, тўқнашув пайтида ҳар бир боланинг оғирлиги инерция ҳисобига 20-30 бараварга ортади. Яъни, орқадаги ўртача 17 кг лик бола олдиндаги боланинг устига салкам ярим тонна юк бўлиб тушади. Энди уларнинг сони бир нечта бўлгандаги ҳолатни тасаввур қилаверинг. Бу суякларнинг синиши ва ички аъзоларнинг эзилиб кетишига олиб келади.
Бағрикенг Damas’нинг ағдарилиш хавфи ҳам юқори. Бу машинанинг баландлиги энига нисбатан катта, яъни оғирлик маркази тепада. Машинага 30 та бола ортилганда, оғирлик маркази янада юқорига кўтарилади. Кичик бир бурилиш ёки кескин тормоз босилганида машина худди "пахса девордек" ағдарилади.
Яна бир муҳим жиҳат: Damas’да хавфсизлик ёстиқчалари йўқ. Орқа ўриндиқлар сони 6 та, қолган 20 тага яқин бола эса, шунчаки тик туради ёки бир-бирининг тиззасида ўтиради. Уларни тутиб турувчи ҳеч қандай камар йўқ. Бу ҳар қандай кичик туртки ҳам оғир жароҳатга сабаб бўлади дегани.
Диққинафас болалик
Болаларни бундай ҳолатда ташиш нафақат ЙТҲ пайтида хатарли, балки ҳар куни уларнинг саломатлигини ҳам емириб боради.
Биринчи навбатда гипоксия, яъни кислород етишмаслиги муаммоси ўртага чиқади. Matiz ёки Damas каби кичик ҳажмли машинада 20-30 киши нафас олганда, 5-10 дақиқа ичида кислород миқдори кескин тушиб кетади ва карбонат ангидрид миқдори меъёрдан ўн баравар ортади. Бу болада бош оғриғи, кўнгил айниши, мия ҳужайраларининг нобуд бўлиши ва иммунитетнинг пасайишига олиб келади.
Қолаверса, боши бир-бирининг бошига тегиб кетадиган болалар ҳар куни “юқумли касалликлар ўчоғи”да дейиш мумкин. Бундай тор доирада битта бола шамоллаган бўлса, у қолган 25 тасига вирусни тўғридан-тўғри “совға” қилади.
Бундай шаклда бола ташишлар умуртқа поғонасининг шикастланишига ҳам яхшигина хизмат қилади. Боғчага қатнайдиган боланинг суяклари ҳали юмшоқ бўлишини айтмасак ҳам яхши биласиз. Ҳар куни ноқулай, букчайган ҳолатда ёки тиззада ўтириб кетиш умуртқанинг қийшайиши ва суяк деформациясига сабаб бўлади. Қолаверса, бир машинага ўнлаб болаларнинг буюмдек ортилишининг психологик салбий таъсирлари ҳам бор.
Энди, масаланинг яна бир муҳим томонига эътиборингизни қаратамиз. Боғчаларда болаларни қабул қилиб олиш ва уйига кузатиб юборишда тарбияланувчининг оила аъзолари ёки улар томонидан тайинланган ишончли вакиллар бўлиши керак. Бироқ МТТлардаги мутахассисларга ҳам 20 талаб болани ташувчи ҳайдовчилар таниш бўлиб кетган ва улар ҳам хотиржам болаларни бериб юбораверишади. Ҳатто, қайси ҳайдовчи қайси маҳалладаги болаларни олиб кетишигача билишлари аниқ.
Умуман олганда, бугун боғча деганда болаларнинг тарбияланиши эмас, аксинча уларнинг калтакланиши, овқатдан заҳарланишлар, касаллик тарқалиши ёки таълимга оид қониқарсиз ҳолатлар кўз олдимизга келадиган бўлиб қолди. Аммо бу салбий ҳолатларнинг 90 фоизи хусусий боғчаларда бўлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бу эса, Ўзбекистонда хусусий боғчалар сони ошган бўлса ҳам, ҳали уларни тўлиқ ва тўғри йўлга қўя оладиган тизим пайдо бўлмаганини англатади. Ҳа, тан олиш керак. Сўнгги йилларда боғчаларда болалар қамрови кенгайди. Таълим ташкилотларининг сони сезиларли даражада ошди. Ҳатто, одамларда боғча шунчаки болаларга бир неча соат қараб туриладиган жой эмас, алоҳида таълим шакли экани ҳақидаги тушунчалар шаклланди. Бунинг учун тадбиркорларга кенг имкониятлар берилди. Рақобат кучайди. Ота-оналар боғчаларни танлаб-танлаб фарзандини берадиган бўлди. Аммо асосий муҳокамалар ва бериладиган саволлар у ердаги овқат турлари, шароитлар, таъмирланганлик даражаси атрофида бўлиб қолгани ҳам ёлғон эмас.
Таълим даражаси ва хавфсизлик масаласига эътибор қаратувчилар камдек. Ота-оналарда нархига қараб солиштириш ҳолатлари, яъни қиммати — энг яхшиси, арзони — бундайроғи деган тушунчалар пайдо бўлган. Ҳаттоки пойтахтнинг энг номдор ва қимматбаҳо таълим ташкилотларида ҳам болаларнинг ҳаётий ва шахсий дахлсизлиги таъминланган деб айта олмаймиз. Исботлар кам эмас.
2025 йилнинг 28 март куни Бухоро туманидаги оилавий нодавлат мактабгaчa таълим ташкилотида 2023 йилда туғилган болани ток урганди.
Жиззахда бўлса, 2025 йилнинг 24 октябрь куни 1,5 ёшли қизча боғчанинг бассейнида чўкиб вафот этди. “Меҳрли юлдуз” номли хусусий таълим марказида қаровсиз юрган бола ҳовузга тушиб кетган.
Ўтган йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчи 2 қават зинасидан тушиб кетган. Шифокорларнинг бирламчи ташхисига кўра, тарбияланувчининг икки қўл билак соҳаси, бурун суяк соҳаси ва юқори жағ тишларининг бир нечтаси синган. Боланинг аҳволи оғир бўлганлиги сабабли, дастлаб шифохонанинг жонлаштириш бўлимига жойлаштиришган, аҳволи яхшиланганидан сўнг эса, оддий муолажа хонасига олинган. Менимча давом этиш шарт эмас!
ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ
Чет элда болаларни мактаб ва боғчаларга ташишда махсус таълим ташкилотининг автобуслари йўлга қўйилганини ҳеч бўлмаса кинолар орқали билсангиз керак. Ўзбекистонда бундай тизим йўқ, болаларни мактаб ва боғчага ташиш масаласи “ўз ҳолига” ташлаб қўйилган. Бу эса Damas, Matiz ва Spark’лардаги “консервалаш” ҳолатларини юзага келтиряпти.
“Нега энди Америка билан солиштиряпсан? Ҳаммаси бирдан бўлиб қолмайди-ку!” деб дарров хаёлига келган биринчи фикрини изоҳ бўлимига ёзадиганларга ҳам айтар гапим бор. Бугун ҳар қандай давлат учун энг асосий ва муҳим стратегик ресурс бу – ўша миллатнинг ёш авлодидир. Шу жиҳатдан ҳам келажак эгаларининг Damas’да тиқилиб кетишини тезроқ тўхтатиш керак!
Бизда ҳам айрим хусусий таълим ташкилотлари ўзининг микроавтобусларини йўлга қўйган. Демакки, бу тизимни ишлатиш мумкин. Аммо харажатлар масаласи ўртага чиқади. Давлат мактаблари ва боғчалари учун автобус сотиб олиш ҳамда уни сақлаш, умуман тизимни жорий қилиш, ҳайдовчи маоши, ёнилғи, техник хизмат катта маблағ талаб қилади. Кўп ҳолларда бу харажатлар таълим ташкилоти бюджетида кўзда тутилмаган.
Ҳозирги имкониятдан келиб чиқиб, қандай ечим қилиш мумкин? Энг мос вариант бу давлат ва хусусий шериклик асосидаги ишдир. Давлат мактаб автобусларини сотиб олишда хусусий ташувчилар билан шартнома тузиши, уларга солиқ имтиёзлари бериши мумкин.
Бугун Ўзбекистонда мактаб ва боғча бинолари энг замонавий стандартлар асосида қуриляпти, гап бўлиши мумкин эмас, лекин боланинг ўша бинога етиб бориш йўлидаги хавфсизлиги “Дамасчи” ёки “Матизчи” акаларнинг ихтиёрида қоляпти. Таълим тизимида хавфсиз транспорт тизимини йўлга қўйиш — бу фақат қулайлик эмас, бу келажак авлод ҳаётинининг хавфсизлигини таъминлашдир. Ҳар ҳолда ЙТҲ оқибатида ногирон бўлган болаларни даволашга имтиёз бериш учун бюджетдан пул ажратгандан кўра, маблағни мактаб автобусларига сарфлаган фойдалироқ бўлади.
Live
Барчаси