Гулистондаги портлаш оқибатида 3 киши вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
03 Декабрь 11982 2 дақиқа
Кеча, 2 декабрь куни соат 10:49 да Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасида ёнғин содир бўлганди. Мазкур портлашда 3 нафар фуқаро вафот этди, 29 киши жабрланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тез тиббий ёрдам бригадаси зудлик билан соат 11:25 да воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган.
Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатган.
Ўта оғир аҳволда қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабиль оғир, нафаси мустақил, ҳушида.
Айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.
Шифохонада беморлар учун зарур бўлган барча дори-дармонлар мавжуд. Уларга тегишли стандартлар асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ содир бўлган портлаш ортидан жиноят иши очилган эди.
Live
Барчаси