Гулистондаги портлаш қурбонларининг оилаларига 100 млн сўмдан берилади
Жамият
−
04 Декабрь 3715 2 дақиқа
Аввалроқ, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри, “Тараққиёт” МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасида портлаш содир бўлгани, оқибатда 3 нафар фуқаро вафот этиб, 29 киши жабрлангани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳодисада қурбон бўлганларнинг оилаларига 100 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади. Бу ҳақда бугун, 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида топшириқ берди.
Президент қурбонларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, уларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратишни топширган. Топшириққа кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази директори бошчилигида 10 нафар малакали шифокорлар бригадаси жабр кўрганларга бепул сифатли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, масъул идораларга ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини тез фурсатларда аниқлаб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилган. Умуман, ушбу фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун катта сабоқ бўлиши кераклиги қайд этилган. Қиш ойларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича барча масъуллар 24 соатлик иш режимига ўтиши зарурлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ушбу ҳодисада жабрланганларнинг ҳолидан хабар олиш учун шифохонага борган эди.
ССВ маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боисЮ амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатган.
Ўта оғир аҳволда қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабиль оғир, нафаси мустақил, ҳушида. Айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.