Илон Маск “ўз-ўзидан ўсувчи Ой шаҳри” лойиҳасини эълон қилди
Олам
−
09 Февраль 2527 2 дақиқа
SpaceX асосчиси, миллиардер Илон Маск Ойда “ўз-ўзидан ўсувчи шаҳар” қуриш ташаббусини эълон қилди. Бу ҳақда у бугун, 9 февраль куни ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Маскнинг айтишича, SpaceX ҳозирча Марсдан кўра Ойга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Унга кўра, Ой цивилизация келажагини таъминлашда тезроқ ва қулайроқ имкониятлар яратади.
“SpaceX аллақачон Ойда ўз-ўзидан ўсувчи шаҳар қуришга эътибор қаратди, чунки биз бунга 10 йилдан камроқ вақт ичида эришишимиз мумкин, Марс эса 20 йилдан кўпроқ вақт талаб қилади”, дейди Маск.
Режага кўра, 2027 йил март ойида Ойга экипажсиз қўниш амалга оширилади. Ушбу миссия орқали “ўз-ўзидан ўсувчи шаҳар” лойиҳасига старт берилади. Маск Ойга учиш имконияти ҳар 10 кунда мавжудлигини, Марсга эса фақат ҳар 26 ойда учиш мумкинлигини билдирган. Шу сабабли, Ой лойиҳаси Марсга нисбатан тезроқ ва самаралироқ бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, глобал космик рақобат ҳам кучаймоқда. Ўтган йили Хитой олимлари Ой тадқиқотлари доирасида қуёш нури ёрдамида ишлайдиган 3D-принтер яратганини эълон қилган эди. Мазкур принтер Ой тупроғини мустаҳкам қурилиш ғиштларига айлантира олади. Бу технология Хитойнинг Ой базаси қуриш режасини янада яқинлаштирди.
Бундан ташқари, ўтган ҳафта SpaceX хАI компаниясини сотиб олиб, янги қўшма корхона тузди. Ушбу ҳамкорлик сунъий интеллект асосидаги инновацияларни тезлаштиришга қаратилган. Натижада орбитада сунъий интеллект марказлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу эса операцион харажатларни камайтириш, энергия ва совутиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Миллий аэронавтика ва космик тадқиқотлар бошқармаси (NASA) 2035 йилгача Ойда барқарор яшаш учун қишлоқ қуриш режасини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Фарангиз Суннатова
Live
Барчаси