Instagram ота-оналарни суициддан огоҳлантиришни бошлайди

Олам

image

Instagram ўсмирлар суицид ёки ўзини жароҳатлашга оид атамаларни қисқа вақт ичида такроран қидирса, ота-оналарга хабар беришни бошлайди. Бу қарор ҳукуматлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёшини чеклаш масаласини кўриб чиқаётган бир пайтга тўғри келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Платформа эгаси “Meta Platforms”нинг маълум қилишича, янги функция ихтиёрий “ота-она назорати” режимига уланган фойдаланувчиларга татбиқ этилади. Компания ўз баёнотида ўзини ўлдириш ёки ўзини жароҳатлашни тарғиб қилувчи контентга қарши қатъий сиёсат юритилишини таъкидлаган. Илгари бундай қидирувлар блокланиб, ёрдам ресурсларига йўналтирилар эди; энди эса ота-оналарга ҳам сигнал юборилади. Хизмат келаси ҳафтадан АҚШ, Британия,Австралия ва Канадада ишга туширилади.

Бу қадам Австралия 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг муҳокамалар кучайган шароитда эълон қилинган. Британия жорий йил январда болаларни онлайн ҳимоя қилиш бўйича чекловларни кўриб чиқишини билдирган, Испания, Греция ва Словения ҳам кириш имкониятларини қисқартириш вариантларини муҳокама қилмоқда.

Instagram’нинг “ўсмир аккаунтлари” тизимига кўра, 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар созламаларни ўзгартириш учун ота-она розилигини олиши керак. Қўшимча назорат қатлами эса боланинг розилиги билан фаоллаштирилади. Ҳукуматлар болалар хавфсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ўртасида мувозанат топишга уринмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Instagram суицид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг