“Исқиртлар”. ЙПХ ходимини ҳақорат қилган аёл қамалди
3-саҳифа
−
25 Июль 23665 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятида хизмат вазифасини бажараётган ходимларни ҳақорат қилиб, уларни тасвирга олган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл автомашинаси ён ойналарига рухсатномасиз “тонировка” ўрнатгани учун ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган ва чора кўрилган. Бундан хулоса чиқармаган ҳайдовчи яна шундай турдаги қоидабузарликни содир этиб, ИИО ходимининг қонуний талабини бажармасдан воқеа жойидан кетиб қолган.
Ҳайдовчи икки маротаба ҳуқуқбузарлик содир этиб, сўнгра унга маъмурий баённома расмийлаштирган ходимнинг шахсий телефонига қўнғироқ қилиб, уни ҳақорат қилган. Шунингдек, ҳайдовчи аёл ИИБга чақиртирилганда ҳам ходимларни ҳақорат қилиб, шовқин солиб, жавобгарликдан қутулиб қолмоқчи бўлган.
Денов тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳуқуқбузарликка оид маъмурий иш ҳужжатлари судга тақдим этилган. Суднинг 14 июлдаги қарорига кўра, аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) иккинчи қисми билан айбли деб топилиб, 4 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.
Юқоридаги ҳолатдан ташқари ҳуқуқбузар аёл муқаддам бир неча маротаба ушбу ҳуқуқбузарликни содир этгани, қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқармагани ва бундай ҳаракатини давом этиб келаётганига оид яна бир иш ҳужжатлари тўпланиб, жиноят ишлари бўйича Узун тумани судига тақдим этилган. Унга БҲМнинг 20 баравари (6 млн 800 минг сўм) миқдорида жарима жазоси белгиланган.
Ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг 1 йил ичида такроран ҳуқуқбузарлик содир этгани туфайли Денов тумани ИИБ тергов бўлими томонидан ҳайдовчи аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ЙПХ ходимини ҳақоратлаб, “шантаж” қилган аёл жазоланганди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41- (ҳақорат қилиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Live
Барчаси