Исроилнинг Ливанга ҳужумида журналист ҳалок бўлди

Олам

image

Кеча, 22 апрель куни Исроилнинг Ливанга ҳужуми оқибатида камида 5 киши, жумладан, 1 нафар журналист ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.  

Қайд этилишича, Исроил дастлаб Ливан жанубидаги ат-Тири қишлоғидаги машинага дрон билан ҳужум қилган. Оқибатда эса машина ичидаги икки киши ҳалок бўлган. Ушбу ҳужумни тасвирга олиш мақсадида маҳаллий “Aл Aхбар” оммавий ахборот воситасида ишловчи икки журналист Aмал Ҳалил ва Зайнаб Фараж воқеа жойига етиб борган. Исроил томонидан ўша қишлоқдаги бинога қилинган кейинги ҳаво ҳужуми оқибатида Зайнаб Фараж яраланган ва у вайроналар остида қолган. Aмал Ҳалил эса кейинчалик воқеа жойида ўлик ҳолда топилган. Ушбу хабарни уларнинг иш берувчиси ҳам тасдиқлаган.

Маълум қилинишича, Исроилнинг ҳужумлари давом этаётгани сабабли қутқарувчилар журналистларнинг олдига узоқ вақт бора олмаган. Кейинчалик, Зайнаб Фараж маҳаллий шифохонага олиб борилган ва унинг аҳволи жуда оғирлиги ва жарроҳлик амалиётига муҳтож эканлиги айтилган.

Бунгача Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил журналистлар ишловчи бинони нишонга олиб, уларни таъқиб қилаётгани ҳақида хабар берган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливан жанубида БМТнинг Муваққат кучлари (UNIFIL) патрули ҳужумга учрагани, оқибатида бир нафар аскар оғир жароҳатлар туфайли ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Шаҳзода Шукуруллаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

журналист Исроил ҳужуми Ливанга

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг