Қамчибек Ташиевнинг укаси депутатликдан кетади
Олам
−
14 Март 3159 2 дақиқа
Бугун, 14 март куни Қирғиситон Миллий хавфсизлик давлат қиўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг укаси Шоирбек Ташиев мамлакат парламенти депутатлигидан кетади. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 14 март куни Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиши ўтказилиши ва унда Ташиевни мандатидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.
У кеча, 13 март куни Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилган эди. Суҳбатдан сўнг у қўйиб юборилган. Ички ишлар вазирлиги ҳозирча депутат билан боғлиқ тадбирлар юзасидан изоҳ бермаган. Шунингдек, у қайси жиноят иши доирасида ва қандай мақомда – гувоҳ ёки гумонланувчи сифатида иштирок этгани ҳам айтилмаган.
Шоирбек Ташиев олдинроқ интервьюсида депутатлик мандатини топшириши ҳақида тўхталиб ўтган.
“Менинг 24 минг 300 нафар сайловчим бор. Фақат улар менга “Мандатингни топшир”, деб айтиш ҳуқуқига эга. Агар шу одамлар имзо тўплаб, менга ишонмасликларини билдиришса, бу масалани кўриб чиқишга тайёрман. Аммо бировнинг талаби билан кетмайман”, деган эди Шоирбек.
Шунингдек, у парламентга ўз сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар учун ишлаш мақсадида келганини таъкидлаган.
“Мен ўз халқимга хизмат қилиш учун келдим. Фақат улар менинг иш фаолиятимни баҳолаши мумкин”, дея қўшимча қилган собиқ депутат.
Ташиев Қирғизистон сиёсатидаги таниқли шахслардан бири бўлиб, у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси ҳисобланади. Қамчибек Ташиев эса мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган сиёсатчилардан бири сифатида танилганди. У аввалроқ Президент Садир Жапаров томонидан лавозимидан озод этилган эди.
Live
Барчаси