“Қарз бериб тур”. Telegram’да хавфли фирибгарлик тури авж олди
Жамият
−
09 Декабрь 4427 2 дақиқа
Сўнгги вақтларда Telegram мессенжери орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари кескин ортгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Киберхавфсизлик ҳодисаларига чора кўриш хизмати (UZCERT) огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, фирибгарлар Telegram-гуруҳларида мавжуд бўлган очиқ кўринишдаги @username маълумотларидан фойдаланиб, гуруҳга қўшилмасдан туриб фойдаланувчиларни кузатиб чиқмоқда. Сўнгра улар гуруҳ аъзолари орасидан бирор фойдаланувчини танлаб, унинг Telegram профилини тўлиқ нусхаламоқда. Яъни:
- профиль расми;
- исм-фамилия;
- @username;
- био ва бошқа элементлар фирибгар томонидан айнан бир хил шаклда қайта яратилади.
Шундан сўнг, фирибгарлар ўша фойдаланувчининг гуруҳдаги бошқа иштирокчиларига шахсий хабар орқали мурожаат қилиб, “шошилинч пул кераклиги”, “қарз бериб туришни илтимос қилиши” каби ёлғон важлар билан номаълум шахс номига тегишли банк карта рақамини юбориб, зудлик билан пул ўтказишни сўраяпти. Оқибатда танишининг Telegram профилидан келгандек кўринган хабарни текширмасдан пул ўтказиб юбораётган фуқаролар молиявий зарар кўрмоқда.
Telegram фойдаланувчилари учун хавфсизлик тавсиялари:
- Telegram ҳисобни ҳимоя қилиш учун икки босқичли пароль (2FA)ни ёқиш ва кучли махфий паролдан фойдаланиш керак.
- Профилдаги телефон рақами, расм, “last seen” каби маълумотларни бегона фойдаланувчилардан яшириб, фақат ишончли контактларга кўринадиган қилиб қўйиш зарур.
- Номаълум аккаунтлардан келаётган пул сўраш, соврин ютдингиз ёки шошилинч ёрдам каби шубҳали хабарларга ишонмаслик ва бундай линкларни очмаслик керак.
- Таниш шахсдан келгандек кўринган хабар бўлса ҳам пул ўтказишдан олдин унга телефон орқали бевосита қўнғироқ қилиб, хабар ҳақиқатан ҳам ундан келганини тасдиқлаш зарур.
- Telegram’дан юклаб олинган ҳар қандай файл, айниқса, apk ёки exe форматдаги файлларни очишдан олдин манбасини текшириш ва номаълум файлларни очмаслик керак.
- Профилдан фойдаланилаётган барча актив сессияларни мунтазам текшириб бориш ва номаълум қурилмаларда очиқ турган сессияларни дарҳол ўчириб ташлаш зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқлар орқали 600 нафар фуқароларни алдаб, қарийб 1 миллиард сўм пулларини ўзлаштирган шахслар қўлга олинганди.