Қозоғистон Марказий Осиёда илк бор учар таксини синовдан ўтказди (видео)
Олам
−
20 Май 2736 2 дақиқа
Кеча, 19 май куни Олмаота яқинидаги Олатау шаҳрида шаҳар ҳаво мобиллигининг янги даврини бошлаб берувчи аэротакси – eVTOL’нинг илк синов парвози бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Bizmedia.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб аэротакси, етказиб берувчи дронлар ва рақамли навигациядан фойдаланишни йўлга қўймоқчи. Айнан Олатау шаҳрида вертикал учиш ва қўнишга мўлжалланган махсус қурилма – eVTOL’нинг илк парвози амалга оширилган.
Мазкур лойиҳа Қозоғистоннинг “Alatau Advance Air Group Ltd.” (AAAG) компанияси томонидан АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва Италиядан бўлган ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилмоқда. Умумий инвестиция ҳажми 300 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Намойишдаги асосий воқеа “AutoFlight Prosperity” йўловчи аппаратининг парвози бўлган. У бир учувчи ва беш нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, 13 та электромотор билан жиҳозланган. Учар таксининг тезлиги соатига 200 километрга етади ва бир марта қувватланишда 200 км масофани босиб ўта олади. Илк синов халқаро хавфсизлик талаблари асосида, бортда одамларсиз ўтказилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Ўзбекистонда кенг тарқалган BMW автомобилларининг йўлдаги ўртача тезлиги ва масофасига яқин, лекин фарқи шундаки, учар такси йўл тирбандлигидан қатъи назар, ҳавода тўғридан тўғри ҳаракатланади.
Шунингдек, тақдимотда Keeta Drone (Хитой) ва A2Z (АҚШ) компанияларининг юк ташувчи дронлари ҳам намойиш этилган. Улар кореялик ва хитойлик ишлаб чиқувчилар томонидан яратилган UATM платформаси орқали бошқарилади. Мутахассисларга кўра, яқин ўн йил ичида осмонда учиш оммавийлашади.
Маълумот ўрнида, ушбу eVTOL аппаратларнинг учиши, қўниши ва қувватланиши учун мўлжалланган майдон – вертипорт қурилиши аллақачон бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрига 300 та Svitchblade русумидаги учар таксилар олиб келиниши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Шабнам Раджабова
Live
Барчаси