Қозоғистон Starlink интернетини қўшнилари билан бўлишмоқчи
Олам
−
16:51 648 2 дақиқа
Қозоғистон мамлакат ҳудудида жойлаштирилган Starlink сунъий йўлдош инфратузилмаси орқали қўшни давлатларни интернет билан таъминлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Власть” хабар берди.
Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиевнинг маълум қилишича, ушбу рақамли инфратузилма Қозоғистонга минтақавий рақамли боғлиқликни таъминлашда етакчи ролини кучайтириш имконини беради:
“Starlink Қозоғистон ҳудудида қурган gateway-станциялар орқали сунъий йўлдош интернети қўшни давлатларга ҳам тақдим этилади. Масалан, Тожикистон учун трафик жорий йилнинг ўзида йўлга қўйилади. Кейинги навбатда Монголия ва Қирғизистон турибди. Транскаспий оптик толали алоқа линияси бўйича эса Ўзбекистон аллақачон олдиндан ҳарид шартномаларни таклиф қилмоқда”, дейди у.
Шу билан бирга, Мадиевнинг маълум қилишича, жорий йилда Қозоғистондаги 1 900 та қишлоқ оптик толали интернетга уланади, келаси йилда эса бундай қишлоқлар улуши 90 фоиздан ошади. Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йил охиригача барча республика аҳамиятидаги автомобил йўллари ҳам ушбу алоқа инфратузилмаси билан таъминланади. Шунингдек, интернет Қозоғистон темирйўлларининг (КТЖ) асосий йўналишларидаги йўловчи ташувларида ҳамда миллий авиакомпания самолётларида ҳам мавжуд бўлади.
Ўтган йил октябрь ойида вазир 2027 йилга бориб вилоят ва республика аҳамиятидаги 20 шаҳарда 5G тармоғи 60–75 фоиз қамров билан жорий этилишини маълум қилган. Шу муддатга қадар аҳолини интернет билан 100 фоиз қамраб олиш, интернет тезлигини эса сониясига 100 мегабитдан ошириш режалаштирилган. Шунингдек, оптик алоқа линиялари қишлоқ аҳоли пунктларининг 90 фоизигача етказилади.
2023 йилда эса давлат раҳбари ҳукуматга 5G тармоғини барча вилоят марказларида 2027 йилгача эмас, балки 2025 йил охиригача тўлиқ жорий этишни топширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink интернет тармоғи Қозоғистонда ишга тушгани хабар қилинган эди.
Эъзоза Олимова
Live
Барчаси