Қозоғистон Украинанинг нефть терминалига ҳужумини қоралади
Олам
−
01 Декабрь 5098 3 дақиқа
Қозоғистон кеча, 30 ноябрь куни Украинага Қора денгизда жойлашган ва жаҳон нефтининг 1 фоизидан ортиғини қайта ишлайдиган Каспий нефть қувури консорциуми (CPC) терминалига ҳужумларни тўхтатишни илтимос қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли баёноти эълон қилинди.
Мурожаат Украина томонидан амалга оширилган йирик дрон ҳужуми оқибатида экспорт тўхтаб, юклаш инфратузилмаси жиддий зарар кўрганидан кейин қилинди.
Россия, Қозоғистон ва АҚШ акциядорларига эга бўлган CPC'нинг маълум қилишича, Қора денгиздаги Россия порт терминалидаги бир неча муорингларга Украина денгиз дрони ҳужуми оқибатида жиддий шаклда шикаст етгани туфайли операциялар тўхтатилган.
Украина бу йил Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефть хомашёси терминалларига бир неча марта йўналтирилган ҳужумлар амалга оширди. Бу Россиянинг ҳарбий иқтисодиёти учун асосий даромад манбаларидан бирини издан чиқаришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, бу дрон зарбалари томонидан “халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан ҳимоя қилинадиган, фақат фуқаролик мақсадларида ишлатиладиган объектга” қилинган учинчи ҳужумдир.
“Қозоғистон Республикаси Новороссийск порти ҳудудида жойлашган халқаро Каспий нефть қувури консорциумининг муҳим инфратузилмасига яна бир қасддан қилинган ҳужумни қатъий тарзда қоралайди. Бизнинг назаримизда содир бўлган бу воқеа Қозоғистон Республикаси ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар етказади. Украина томони келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун самарали чоралар кўриши кутилмоқда”, дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида.
Украина ТИВга кўра, уларнинг ҳаракатлари Қозоғистонга ёки учинчи мамлакатларга қарши йўналтирилмаган, балки “Россиянинг тўлиқ миқёсли тажовузига” қарши туришга қаратилган.
“Украина тажовузкорга зарба беради”, дейилади Украина ТИВ баёнотида.
CPC OPEC+ аъзоси бўлган Қозоғистон нефть экспортларининг тахминан 80 фоизини ташкил қилади. Қозоғистон ўтган йили 68,6 миллион тонна нефть экспорт қилган.
Консорциум Тенгиз, Қарачаганак ва Қошаган конларидан олинадиган нефть хомашёсини Новороссийск яқинидаги Юғна Озареевка терминалига етказиб беради. CPC'нинг асосий таъминотчилари Қозоғистондаги конлар бўлса-да, у Россия ишлаб чиқарувчиларининг нефть хомашёларини ҳам қабул қилади.
CPC'нинг 1 500 км узунликдаги нефть қувури тармоғи Россия, Қозоғистоннинг давлатга қарашли KazMunayGas компанияси, шунингдек, Chevron, Lukoil ва ExxonMobil каби акциядорларни ўз ичига олади. CPC маълум қилишича, 29 ноябрь куни терминалга қилинган денгиз дрони ҳужуми Single-Point Mooring (SPM)-2 – нефть юклаш учун танкерлер уланадиган сузувчи буйни “жиддий зарарлаган”.
“CPC'да SPM-2ни кейинги фойдаланиш имкони йўқ. Юклаш ва бошқа операциялар тўхтатилди, танкерлер CPC сув акваториясидан чиқариб кетилди. CPC'га қилинган ҳужумни биз консорциумга аъзо мамлакатлар манфаатларига қилинган ҳужум, деб ҳисоблаймиз”, дейилади баёнотда.
Украина томонига кўра, Россия ҳудуди ичига чуқур кириб борадиган инфратузилма объектларига ҳужумлари ўзини ҳимоя қилиш учун оқланган, чунки у Россия бошлаган ва Украина энергия тизимини қиш олдидан нишонга олган империявий урушга қарши курашмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳужумларини “терроризм актлари” деб атади. Россия расмийлари айтишича, Европа давлатлари Россияга қарши гибрид уруш олиб бормоқда ва бунда Ғарб разведка хизматлари Киевга Россия ичидаги инфратузилма объектларини нишонга олишда ёрдам бермоқда.
Вазирлик таъкидлашича, бу ҳужумлар минтақадаги денгизда эркин ҳаракатланиш хавфсизлигига таҳдид солади.
Live
Барчаси