Қозоғистонда вирус авж олди. Кўплаб мактаблар ёпилди

Олам

image

Қозоғистонда ўтган ҳафтада 183 минг киши вирусли инфекция (ОРВИ) билан касалланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Оқмарал Алназарова кеча, 19 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида сўз очди.

Унга кўра, шу ҳафтадаги касалланиш даражаси аввалги эпидемия мавсумидаги кўрсаткичга нисбатан 16 фоизга ошган.

“Бу йил гриппнинг тарқалиши 41-ҳафтада, яъни октябрь ойининг биринчи ярмида аниқланди. Бу ўтган эпидемия мавсумидан бироз олдинроқ содир бщлган эди. Қозоғистонда илгари тарқалмаган янги грипп турлари аниқланмаган. ОРВИ ва грипп аломатлари бўлган беморлар ҳам грипп бўлмаган вирусларга текширилади. Республикада риновирус, параинфлюэнца, аденовирус, бокавирус, коронавирус, РС вируси ва метапневмовирус тарқалиб кетган”, деган вазир.

1 сентябрдан бери Қозоғистонда 1,4 миллион ўткир респиратор вирусли инфекция ҳолатлари қайд этилган, бу аввалги 2024-2025 эпидемия мавсумининг шу даврига нисбатан 20 фоизга кам. Ушбу ҳолатларнинг 66 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Қозоғистонда болалар ва ҳомиладор аёллар учун алоҳида хавф туғдирадиган Гонконг гриппи штамми ҳам аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитасининг маълумотларига кўра, куз-қиш мавсуми бошидан бери мамлакатда қарийб 600 та шундай ҳолат қайд этилган.

Шарқий Қозоғистон, Абай ва Қўстанай вилоятларидаги мактаблар ўқувчилар сонининг кўпайиши ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг олдини олиш чораси сифатида масофавий таълимни жорий этмоқда.

Шарқий Қозоғистонда 23 та умумтаълим мактабининг 169 та синфидан 3015 нафар ўқувчи вақтинча уйда ўқишни бошлаган. Масофавий таълим ўқувчиларнинг 30 фоиздан ортиғи соғлиқни сақлаш сабаблари туфайли дарсга кела олмайдиган синфларда ташкил этилган.

ОАВнинг хабар беришича, Абай вилоятида эпидемиологик штаб йиғилишидан сўнг, баъзи мактаб ўқувчиларини масофавий таълимга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Талгат Молдабековга кўра, ўқув йили бошидан бери 5558 ўқувчи ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланган, бу умумий ҳолатларнинг 17,2 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, минтақада гриппнинг 25 ҳолати қайд этилган.

“Умумтаълим ташкилотларида аралаш таълимга ўтиш амалга оширилмоқда, битта синфдаги ўқувчиларнинг 20 дан 30 фоизгача ОРВИ ташхиси қўйилган”, дейилади баёнотда.

Масофавий таълимга ўтказилган синфларнинг аниқ сони кўрсатилмаган.

Қўстанай вилоятидаги иккита шаҳарда ҳам мактаб ўқувчилари касаллик туфайли масофавий таълимга ўтказилган. Қўстанай туманида жами 72 та синфда кундузги дарслар бекор қилинган.

Бош вазир Ўлжас Бектенов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органларига тиббий ёрдам сифатини қатъий назорат қилишни таъминлашни буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон вирус ОРВИ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг