Қозоғистонга тухум олиб кириш 6 ойга тақиқланди
Олам
−
22 Апрель 3288 1 дақиқа
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири “Қозоғистон Республикаси ҳудудига янги товуқ тухумларини олиб киришни тақиқлаш тўғрисида”ги буйруқни имзолади. Тақиқ олти ой давом этади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эталон назорат банки сайтида келтирилган.
“Қозоғистон Республикаси ҳудудига учинчи давлатлардан ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан барча турдаги транспорт воситаларида янги товуқ тухумларини олиб киришга олти ой муддатга тақиқ жорий этилсин. Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали янги товуқ тухумларининг транзити, шунингдек, уларнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бир давлат ҳудудидан бошқа аъзо давлат ҳудудига Қозоғистон орқали ўтказилиши бундан мустасно”, дейилади буйруқда.
Ҳужжат кеча, 21 апрель куни кучга кирган, тақиқ эса ярим йил давомида амал қилади.
Паррандачиларнинг айтишича, Қозоғистонда йил давомида тухум нархи тахминан беш марта турли йўналишларда ўзгаради. Одатда, ёзда одамлар тухум маҳсулотларини сабзавот ва мевалар билан алмаштирганларида нарх тушади. Кузда эса ишлаб чиқарувчилар ёзги даврдаги зарарларни қоплаш учун тухум нархини ўртача кўрсаткичдан юқорироққа кўтаради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон мамлакат ҳудудидан бензин, дизель ёнилғиси ва айрим турдаги нефть маҳсулотларини олиб чиқишга қўйилган вақтинчалик тақиқни узайтириши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси