Кескинлик: Россия Арманистонга газ масаласида таҳдид қилди
Олам
−
27 Май 3770 3 дақиқа
Агар Ереван Европа Иттифоқи билан яқинлашиш позициясини давом эттирса, Россия Арманистонга газ, нефть маҳсулотлари ва ишлов берилмаган олмос етказиб бериш тўғрисидаги келишувни тўхтатиб қўйиши ёки бир томонлама тартибда бекор (денонсация) қилиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Энергетика вазири Сергей Цивилевнинг Арманистон Ҳудудий бошқарув ва инфратузилма вазирлигига йўллаган хатида сўз боради.
Гап 2013 йилдаги келишув ҳақида кетмоқда. Унга кўра, Россия ушбу товарларни Арманистонга етказиб беришда экспорт божларини бекор қилган. Келишув бекор қилинган тақдирда, етказиб бериш бозор шартларига ўтиши, аввал тақдим этилган имтиёзлар эса қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳужжатда компенсация ундириш ёки юзага келган қарздорликни Арманистоннинг давлат қарзи сифатида тан олиш имконияти кўзда тутилган.
Арманистон Россия энергетика ресурсларига сезиларли даражада қарам: турли баҳолашларга кўра, Арманистонга газнинг қарийб 80–85 фоизи ва нефть маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғи Россиядан кириб келади.
Россия гази Европа спот (жорий) нархларидан анча паст баҳода етказиб берилади, бу эса амалда ОЛИИ (ЕАЭС) доирасидаги интеграциянинг иқтисодий қўллаб-қувватлаш шакли сифатида қаралади.
Кремль аввалроқ Европа Иттифоқи каби бошқа интеграциявий бирлашмаларда бир вақтнинг ўзида иштирок этилган тақдирда имтиёзли шартлар тақдим этилиши мумкин эмаслигини билдирган. Шу фонда Москва иқтисодий ҳамкорликни Ереваннинг ташқи сиёсий позицияси билан боғламоқда.
Сўнгги йилларда Арманистон импортни қисман диверсификация қилмоқда: бензин ва дизель ёнилғиси, жумладан, ЕИ давлатларидан, шунингдек, Озарбайжон ва Эрон қўшниларидан сотиб олиняпти. Бироқ таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россиядан келадиган ҳажмни, айниқса газ бўйича, тез фурсатда алмаштириш қийин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ереван ва Вашингтон ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги уставни имзолаган эди. Маросим АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Арманистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтган. Бунинг ортидан
Россия расмийлари Арманистон раҳбариятини кескин танқид қилиб чиқди. Бунга мамлакатда бўлиб ўтган ва Европа билан муносабатларни мустаҳкамловчи бир қатор ҳужжатлар имзоланган ЕИ саммити сабаб бўлди.
Мамлакат Бош вазири Никол Пашинян Украина раҳбари Владимир Зеленский билан мулоқотлари учун “русофобия”да айбланди, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса ЕИ Ереванни “антироссия орбитаси”га тортаётганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Пашинян сайловолди кампанияси доирасида чиқиш қилиб, мамлакат мустақилликка эришганидан бери амал қилиб келган “Ё ўлим, ё ҳурлик” шиорини “Озод давлат” деб ўзгартириш кераклигини таъкидлади.
“Биз ўлим ва озодлик ўртасида танлов қилмаслигимиз керак. Биз яшашимиз ва озод бўлишимиз керак”, дейди у.
Бунга жавобан Россия Арманистондан гуллар, минерал сувлар ва коньяк олиб киришга вақтинчалик тақиқ жорий этди.
Live
Барчаси