Хитой космосда Маскнинг “нонини яримта қилмоқчи”
Технология
−
14:18 2515 3 дақиқа
Хитой кейинги беш йил ичида космосга асосланган сунъий интеллект (СИ) маълумотлар марказларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ташаббус Илон Маск бошчилигидаги SpaceX компаниясининг орбитал СИ марказларини жойлаштириш режаларига тўғридан тўғри рақобат сифатида баҳоланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Келтирилишича, Хитойнинг асосий космик пудратчиси – Хитой Аэрокосмик фан ва технологиялар корпорацияси (CASC) беш йиллик ривожланиш режасига кўра, “гигаватт синфидаги космик рақамли интеллект инфратузилмасини” барпо этишни режалаштирган.
Ҳисоботда қайд этилишича, янги космик маълумотлар марказлари булутли тизимлар, чекка ҳисоблаш ва терминал қурилмаларни ягона экотизимга бирлаштиради. Бу эса ҳисоблаш қуввати, маълумотларни сақлаш ва узатиш имкониятларини чуқур интеграция қилиш орқали Ердан олинган маълумотларни бевосита космосда қайта ишлашга имкон беради.
Бу орада АҚШнинг SpaceX компанияси ҳам бўш келмаяпти. Компания ер устидаги энергия чекловлари сабаб орбитал СИ маълумотлар марказларини ривожлантириш учун бу йил режалаштирилган 25 миллиард долларлик IPO маблағларидан фойдаланишни кўзламоқда. Илон Маск ўтган ҳафта (22 январь) Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида SpaceX яқин икки-уч йил ичида қуёш энергиясида ишлайдиган СИ марказлари жойлаштирилган сунъий йўлдошларни учиришни режалаштираётганини маълум қилганди.
Маскнинг айтишича, орбитада қуёш энергиясини ишлаб чиқариш Ер юзидаги панелларга нисбатан беш баравар самаралироқ бўлиши мумкин.
“Сунъий интеллект учун энг арзон жой – бу космос. Бу жараён икки йил, энг кечи билан уч йил ичида амалга ошади”, деганди у.
CASCнинг 2025 йил декабрь ойида эълон қилган сиёсий ҳужжатига кўра, Хитой 2030 йилга бориб, саноат миқёсидаги “Космик булут” тизимини яратишни режалаштирмоқда. Бунда энергия талаб қиладиган АI ҳисоблаш жараёнлари гигаватт синфидаги қуёш энергиясида ишловчи орбитал марказларга кўчирилади. Космик қуёш энергиясини сунъий интеллект билан уйғунлаштириш Хитойнинг беш йиллик ривожланиш режасининг асосий устунларидан бири сифатида белгиланган.
Шунингдек, CASC кейинги беш йил ичида суборбитал космик туризм парвозларини йўлга қўйиш ва орбитал космик туризмни босқичма-босқич ривожлантириш ниятида эканини ҳам билдирган.
Хитой ва АҚШ ҳозирда космосни фуқаролик авиациясига ўхшаш тижорий фойдали соҳага айлантириш, шунингдек, космик устунликнинг ҳарбий ва стратегик афзалликларидан биринчи бўлиб фойдаланиш учун кескин рақобат олиб бормоқда. CASC Хитойни 2045 йилга келиб “дунёдаги етакчи космик давлат”га айлантиришни мақсад қилган.
Бироқ, Пекин учун асосий муаммолардан бири – қайта ишлатиладиган ракеталар бўйича АҚШдан ортда қолаётгани. SpaceX’нинг Falcon 9 ракетаси ва Starlink лойиҳаси Ернинг паст орбитасида деярли монополия ҳолатини шакллантирган ҳамда орбитал космик туризмда ҳам фаол қўлланилмоқда.
Шу билан бирга, расмий маълумотларга кўра, Хитой 2024 йилда рекорд даражадаги 93 та космик учиришни амалга оширган. Бунга тез суръатларда ривожланаётган хусусий космик стартаплар ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг йирик компаниялари SpaceX’га рақобат қилиш учун бирлашмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси