Хитой Тожикистон ва Афғонистон чегарасида иншоот қуради
Олам
−
12:02 5787 2 дақиқа
Хитой Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара ҳудудларида 9 та янги чегара объектини қуриб беради. Бу ҳақда “Asia Plus” хабар берди.
Маълум қилинишича, қурилишнинг умумий қиймати 550 миллион сомонидан ортиқ бўлиб, маблағ тўлиқ Хитой ҳукумати томонидан ажратилади. Тожикистон томони эса лойиҳани солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилиш учун жавоб беради.
Ушбу келишув лойиҳаси 4 март куни Тожикистон парламенти йиғилишида кўриб чиқилиб, маъқулланган.
Лойиҳанинг асосий мақсади Тожикистон чегара қўшинларининг моддий-техник шароитларини мустаҳкамлашдан иборат.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари Муродали Ражабзода парламентдаги муҳокама чоғида лойиҳа уч босқичда амалга оширилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, иккинчи босқични амалга ошириш учун зарур бўлган алмашув хатлари аллақачон имзоланган.
Ҳужжатларга кўра, қурилишнинг умумий майдони 17 109 квадрат метрни ташкил қилади. Чегара объектларини барпо этиш учун тахминан 569 миллион сомони (424 миллион 830 минг юань) сарфланади ва бу маблағ Хитой ҳукумати томонидан ажратилади.
Ҳозирча мазкур объектлар аниқ қайси ҳудудларда қурилиши ва уларнинг тури қандай бўлиши очиқланмаган.
Шунингдек, Хитой республикага муҳандислар юбориб, ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишларини амалга оширади, биноларни офис ва турар жой мебеллари ҳамда компьютерлар билан таъминлайди.
Бундан ташқари, объектларга олиб борувчи йўллар, сув таъминоти ва канализация тармоқлари қурилади, электр энергияси олиб келинади ва бошқа зарур инфратузилма яратилади.
Маълум қилинишича, лойиҳани молиялаштириш Пекиндаги ички давлат процедуралари тугагандан кейин бошланади.
Баҳриддин Зиёининг айтишича, алмашув хатлари 2025 йил ноябрь ойидаёқ Тожикистон ҳукумати томонидан тасдиқланган ва кейин парламент ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан келишилган.
Унинг таъкидлашича, ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ҳам ўтказилган ва унда коррупция учун шароит яратадиган омиллар аниқланмаган.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида 2017–2018 йилларда Хитой молияси ҳисобидан Афғонистон билан чегара ҳудудларида 12 та чегара объекти қурилган.
Live
Барчаси