Хитой ядровий қуроллар бўйича музокараларда қатнашишдан бош тортди

Олам

image

Хитой АҚШ ва Россия иштирокидаги эҳтимолий кўп томонлама форматни ҳам ўз ичига олган ядро қуролларини назорат қилиш ва қисқартириш бўйича ҳеч қандай музокараларда қатнашмайди. Бу ҳақда Хитойнинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ҳузуридаги вакили Цзянь Шэнь маълум қилди.

У Хитойнинг ядровий салоҳияти “ҳеч бир жиҳатдан АҚШ ёки Россия даражасига мос келмаслигини” билдирган ва шу сабабли Пекин ҳозирги босқичда бундай музокараларда иштирок этишни мумкин деб ҳисобламаслигини маълум қилган.

“Ядровий қуролсизланиш бўйича асосий масъулият энг йирик ядровий арсеналларга эга давлатлар зиммасида бўлиши керак”, дейди хитойлик дипломат.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу давлатлар ўз қуролларини сезиларли ва текшириладиган тарзда қисқартириш бўйича қадам ташлаши шарт.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 6 февраль куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон “куч позициясидан” музокара олиб бориш имконига эга бўлиши учун ўз ядровий арсеналини сақлаб қолишини маълум қилган. Унинг айтишича, Қўшма Штатлар ўз хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган шартларга рози бўлишга тайёр эмас ва ядровий қуролларни модернизация қилишни давом эттиради, шу билан бирга ядровий арсеналлар сонини қисқартиришга қизиқиш билдиради.

Рубио аввал АҚШ ва Россия ўртасидаги икки томонлама келишувларга асосланган қуролларни назорат қилиш тизими энди ҳозирги воқеликка мос келмаслигини қайд этган. Бунга Хитойнинг сўнгги йилларда ўз ядровий салоҳиятини сезиларли даражада оширгани сабаб бўлган. 

Марко Рубио, шунингдек, Москва 2023 йилда “йиллар давом этган бузилишлар” ортидан Стратегик ҳужумкор қуроллар тўғрисидаги шартномадаги (СТАРТ) иштирокини тўхтатганини эслатган ва шу боис 5 февраль куни унинг амал қилиш муддати тугаши янги қуролланиш пойгаси бошланишини англатмаслигини билдирган.

Шу билан бирга, Россиянинг Женевадаги Қуролсизланиш конференциясидаги доимий вакили Геннадий Гатилов 6 февраль куни Москва ядро қуролларини назорат қилиш ёки қисқартириш бўйича музокараларда иштирок этишга тайёрлигини, бироқ бунга Буюк Британия ва Франция ҳам жалб этилиши шарти билан рози бўлишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой ядровий қуроллар Цзянь Шэнь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг