Хитойдаги портлашда камида 21 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Хитойнинг Хунань вилоятида жойлашган пиротехника заводида юз берган кучли портлаш оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди, 61 нафар одам жароҳат олди. Мамлакат раиси Си Цзиньпин ушбу фожеа юзасидан чуқур ва тезкор тергов ўтказишни талаб қилган деб маълум қилинди давлат ОАВда. Бу ҳақда “The Guardian” ва “Reuters” нашрлари хабар берди.

Ҳодиса 4 май куни соат 16:40 атрофида Люян шаҳрида содир бўлган. Бу ҳудуд Чанша шаҳри маъмурий назорати остида бўлиб, пиротехника ишлаб чиқариш марказларидан бири ҳисобланади. Портлаш Huasheng Fireworks Manufacturing and Display Company ҳудудида юз берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда мовий осмон остида улкан тутун устунлари кўтарилгани акс этган. Ҳудуддаги хавф юқори бўлгани сабабли, аҳоли эвакуация қилинган. Қутқарув ишларига қарийб 500 нафар қутқарувчи жалб этилган. Излаш ва қутқариш ишларида учта робот ҳам ишлатилгани айтилади манбада. Завод ҳудудидаги икки дона қора порох омбори юқори хавф манбаи сифатида баҳоланиб, атрофида 1 километрлик қутқарув зонаси ва 3 километрлик назорат ҳудуди ташкил этилган.

Ҳукумат ҳодиса сабабларини ўрганишни бошлаган. Корхона раҳбари қўлга олиниб, масъул шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани айтилмоқда. Си Цзиньпин портлаш сабабларини аниқлаш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ҳамда саноат тармоқларида хавфсизликни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берган. Шунингдек, у аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни ошириш зарурлигини таъкидлаган. 

Маълумот учун, Хитой дунёдаги пиротехника маҳсулотларининг асосий экспортчиси бўлиб, 2025 йилда 1,14 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган. Шу билан бирга, жорий йил бошида ҳам ой байрами даврида пиротехника билан боғлиқ икки йирик портлаш ҳолати ҳам қайд этилганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Ҳиндистонда пиротехника ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бахтсиз ҳодиса юз бериб, портлаш оқибатида камида 13 киши ҳаётдан кўз юмган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Хитой портлаш пиротехника

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг