Хонанда Ботир Қодиров яна жаримага тортилди
Маданият-санъат
−
08 Июль 28547 2 дақиқа
Хонанда Ботир Қодиров “Шамсиддин Садоий” тахаллуси билан танилган шоир Шамсиддин Тўраевнинг шеъридан рухсатсиз фойдалангани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг июнь ойида шоир Шамсиддин Тўраев томонидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, яъни муаллифлик ҳуқуқи бузилиши натижасида етказилган маънавий зарар ва товон пули (компенсация) ундириш тўғрисидаги даъво аризаси киритилган.
Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Ботир Қодировдан даъвогар Шамсиддин Хўжаевич Тўраевнинг фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробари яъни 112,5 млн сўм миқдорида товон пули ҳамда 20 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, жавобгар Ботир Қодиров зиммасига даъвогар Шамсиддин Тўраевга муаллифлигидаги “Давлатинг борида”, “Омонат” ва “Тингла дўстим” номли қўшиқлар ижросини эфирга узатиш, барча ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, Ўзбекистон Республикасидаги барча давлат ва нодавлат телерадиоканалларда, ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформаларда ҳар қандай тарзда фойдаланишни дарҳол тўхтатиш (қатъий тақиқлаш) мажбурияти юклатилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, муаллиф ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблашнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон пули талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам “Шамсиддин Садоий”нинг шеърларини рухсатсиз ишлатгани учун 1 млн 875 минг сўм жаримага тортилганди. Шунингдек, хонанда “Абдуссамий” тахаллуси билан танилган шоир Шоҳрух Абдувоҳидовнинг “Қизғонаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ҳамда “Дилдора” шеърларини рухсатсиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдалангани учун 3 млн сўм жаримага тортилган.
Дилшод Ҳакимов
Live
Барчаси