Кремний водийсида Ўзбекистоннинг трансфер офиси очилади – Мирзиёев
Жамият
−
28 Ноябрь 4343 2 дақиқа
АҚШнинг Кремний водийсида Ўзбекистоннинг Миллий трансфер офиси очилади. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект форумида сўз очди.
Қайд этилишича, “Nvidia” компанияси билан суперкомпьютер кластери ишга туширилади, АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офиси очилади, барча ҳудудлардаги “Келажак марказлари”да СИ бўйича мактаб дастури жорий қилинади.
Шу билан бирга, мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир ҳудудда ғолибликни қўлга киритган мактабда энг замонавий сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади. Бундан ташқари, сунъий интеллект бўйича Президент танлови ташкил этилади. Ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар саралаб олиниб, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Европанинг илғор технологик компанияларига стажировкага юборилади.
Шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган йирик ташаббус – “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берилади. 2030 йилга қадар 4,75 миллион ўқувчи ва талаба, 150 минг ўқитувчи, 100 минг давлат хизматчиси ўқитилади. Бунда сунъий интеллект мактаб, касб таълими ва олий таълим тизимларига ҳам интеграция қилинади. Бундан ташқари, ҳар йили ноябрь ойи “Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги” деб эълон қилинади ва доимий равишда “Ипак йўли сунъий интеллект форуми” ўтказиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон 2030 йилга бориб сунъий интеллект бўйича ТОП-50 та давлат қаторига кириши мумкинлигини айтган эди.