Кунига 137 аёл яқинлари томонидан ўлдирилади – БМТ

Бу қизиқ

image

2024 йилда дунё бўйлаб 83 минг аёл ва қиз қасддан ўлдирилган. Деярли ҳар 10 дақиқада, яъни ҳар куни ўртача 137 нафар аёл ёки қиз турмуш ўртоғи ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳамда БМТ Аёллар ташкилоти томонидан Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан кеча, 24 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.

Қайд этилишича, ўлдирилган аёл ва қизларнинг 60 фоизи (50 минг нафари) улар билан бирга яшаган эркаклар ёки оила аъзолари томонидан ўлдирилган. Таққослаш учун: эркакларга қарши қотилликларнинг атиги 11 фоизи оила ёки турмуш ўртоғи томонидан содир этилади.

БМТ Аёллар Дастури сиёсат директори Сара Хендрикснинг айтишича, фемицид – аёлларни гендер асосида қасддан ўлдириш – тўсатдан содир бўлмайди.

“Бу ҳолатлар кўпинча таъқиб, кузатув, таҳдид ёки онлайн зўравонлик билан бошланиб, вақт ўтиши билан жисмоний зўравонликка ва охир-оқибат қотилликка айланади”, дейди у.

Шунингдек, ҳисоботда Африкада энг кўп аёллар қурбон бўлиши қайд этилган. Африкадаги ҳар 100 минг аёлга 3 та ўлим ҳолати тўғри келади. Ундан кейинги ўринни Америка эгаллаган.

Бу борада Германия ҳам ўз статистикасини очиқлади. Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2024 йилда мамлакатда зўравонлик оқибатида 308 нафар аёл ва қиз ҳалок бўлган. Улардан 191 ҳолатда жиноятчи турмуш ўртоғи, собиқ шериги ёки оила аъзоси бўлгани аниқланган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2024 йилнинг уч ойида аёлларга 10 мингдан зиёд ҳимоя ордери берилган. 2024 йилнинг биринчи чорагида 4477 киши оиладаги зўравонлик моддалари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Комила Қобилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

БМТ Аёллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг