Ливаннинг шарқида кескинлик: Исроил зарбаларида 50 га яқин одам ҳалок бўлди
Олам
−
07 Март 1127 1 дақиқа
Исроил армияси Ливаннинг шарқий қисмига берган зарбалари ва “Ҳизбуллоҳ” билан тўқнашувлар оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб "Euronews" маълум қилди.
Ҳужумлар асосан Баалбек вилоятидаги Наби-Шит шаҳри ва атрофида амалга оширилган. Манбаларга кўра, тунда шаҳарга ҳаво орқали кирган Исроил махсус бўлинмалари маҳаллий қуролли гуруҳлар билан тўқнаш келган. Оттишма бир неча соат давом этган.
Ливан армияси ҳам ҳужумлар вақтида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини билдирган. Кейинчалик Шмистар шаҳрига қилинган алоҳида зарба натижасида яна олти киши, жумладан тўрт нафар бола ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийлари жануб ва шарқий Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" позицияларига зарбалар берганини тасдиқлаб, бир қатор қўмондонлар йўқ қилинганини эълон қилган. Кескинлик Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ўлими учун қасос сифатида “Ҳизбуллоҳ” томонидан Исроилга ракета зарбалари берилганидан кейин янада кучайган.
Айни пайтда БМТ Ливан ва Исроилни зудлик билан музокараларга киришишга чақирган. Ташкилот вакиллари можаро давом этса, минтақадаги вазият янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий ҳаракатларини тақиқлаган эди.
Live
Барчаси