Лондондаги ўзбек шов-шуви: 100 миллион долларлик имконият!
Бизнес
−
04 Апрель 11356 3 дақиқа
Лондон. Дунё савдо йўллари кесишган нуқта. Бугун бу ерда шунчаки кўргазма эмас, балки келажак таъми белгиланяпти. Халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмаси – юзга яқин давлатлар, минглаб брендлар ва триллион долларлик бозорнинг юрагига айланди. Бу йилги “Келажакни тўйдириш” ғояси билан ўтаётган глобал форумда Ўзбекистон овози ҳар қачонгидан баландроқ янграмоқда. 30 га яқин ўзбек тадбиркори, юз миллион доллардан ортиқ экспорт салоҳияти ва миллий ғурур сифатида кўрсатиш мумкин бўлган “Made in Uzbekistan” бренди. Ўзбекистонликлар шунчаки маҳсулот эмас, балки қуёшли ўлканинг баракасини ҳам Буюк Британияга олиб борди.
Катта бозорга кириш учун фақат маҳсулот етарли эмас, мустаҳкам дипломатик кўприк ва стратегик режа керак. Ўзбекистоннинг Британия бозоридаги янги қадамлари учун давлат даражасидаги қўллаб-қувватлов берилди.
Экспорт – бу математика ва рақобат. Ҳар бир қадоқ, ҳар бир сертификат ортида улкан меҳнат ётибди. Миллий маҳсулотларни дунё пештахталарига олиб чиқаётганлар буни жуда яхши билади. Ўзбек замини берган неъматларни инновация билан бирлаштира олганлар ҳам қатнашяпти халқаро кўргазмада. Улар бугун Лондон марказида туриб, дунё истеъмолчиларининг ҳайратига сабаб бўляпти.
Бугунги истеъмолчи фақат мазали эмас, балки фойдали ва ақлли ишланган маҳсулотни қидирмоқда. Кўргазмадаги ўзбек инновациялари халқаро экспертларни ҳайрон қолдира оладими?
“Ўзбекистон катта таркиб билан кўргазмада иштирок этаётгани биз учун жуда қувонарли. Бу мамлакатнинг экспорт амбициялари шунчалик юқорики, улар бир неча 10 йилдан бери иштирок этаётган нуфузли давлатлар билан тенг даражада қатнашмоқда. Маҳсулотларнинг табиийлик даражаси, сифати ва таъми шахсан мени ҳам қойил қолдирди”, дейди кўргазма директори Федерико Деллофлоре.
Улкан майдонларда тасодифий муваффақиятлар бўлмайди. Бу ерда ҳар бир маҳсулот элакдан яхшилаб ўтказилади. Лондондаги кўргазманинг ҳақиқий нуфузи шартномалар сони билан эмас, балки экспертлар берган баҳо билан ўлчанади. “Ўзбекистон стенди диққатни ўзига торта олдими?” деган савол туғилиши табиий. Бунга жаҳон бозорининг ўйин қоидаларини белгилайдиган мутахассислар жавоб бериши адолатли бўлади.
“Ўзбекистон бу йилги кўргазмада ўзининг рекорд даражадаги иштирокини намойиш этмоқда. Павильон майдони ўтган йилга нисбатан уч баравар кенгайди. Энг муҳими, тадбиркорлар кўргазманинг марказий қисмида, энг гавжум йўлакка жойлашди. Бу эса ташриф буюрувчилар оқимини сезиларли даражада оширди. Ўзбекистон маҳсулотларининг таъми ва сифати бошқа давлатларники билан солиштирганда анча юқори. Бу ерда “Премиум класс” сифатида қабул қилиняпти. Татиб кўрган ҳар бир киши:“Буни қаердан сотиб олса бўлади?”, деб сўраяпти, дейди “Trade Development Company” директори Эва Новикова.
Кўргазма якунланди, аммо Ўзбекистон учун ҳаммаси энди бошланмоқда. Бу шунчаки уч кунлик тадбир эмас, балки глобал занжирга узилмас халқа бўлиб уланиш эди. Энг муҳими – ўзбеклар бу ерда тасодифий меҳмон эмас. Ҳозирданоқ, 2027 йилда ўтказиладиган кўргазма учун Ўзбекистон ўз ўрнини банд қилиб улгурди. Келаси йил ўзбекистонлик тадбиркорлар янада каттароқ, янада кучлироқ ва янада замонавийроқ қиёфада қайтиши учун имконият бор. Уларнинг ўзи бу учун ҳаракат қилишса бас.
Батафсил Qalampir.uz’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси