Лондонда 60 дан ортиқ бола қизамиқ билан касалланди
Олам
−
15 Февраль 799 1 дақиқа
Лондоннинг шимолидаги Энфилд ҳудудида 60 дан ортиқ болада қизамиқ аниқланди. Бу ҳақда кеча, 14 февраль куни “The Guardian” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, еттита мактаб ва болалар боғчасида касаллик ҳолатлари қайд этилган. Айрим болалар шифохонага ётқизилган. Шифокорлар касалликнинг тарқалишига ҳудудда эмлаш даражаси пастлиги сабаб бўлаётганини айтмоқда. Буюк Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, агар вазият назоратга олинмаса, Лондонда 40 мингдан 160 минггача одам қизамиқ юқтириши мумкин.
Энфилд жамоат саломатлиги директори Дуду Чер-Арами қизамиқ Лондонда жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, пойтахт мамлакат бўйича қизамиққа қарши эмлаш даражаси энг паст ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Ҳозирда Энфилдда вақтинчалик эмлаш марказлари ташкил этилган. Ота-оналарга болаларни эмлатиш бўйича огоҳлантирувчи хатлар юборилган.
Қизамиқ — ҳаво томчилари орқали юқадиган, жуда тез тарқалувчи вирусли касаллик. Айниқса ёш болалар учун хавфли бўлиб, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қизамиққа қарши эмлаш 97 фоиз самарали ҳисобланади. Эмланмаган шахс эса касалланган одам билан алоқа қилганда деярли 100 фоиз ҳолатда вирусни юқтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳри яқинида давоси мавжуд бўлмаган ўта хавфли Нипаҳ вируси тарқалгани аниқланганди.