Мьянмага сотиб юборилган марказий осиёликлар ватанга қайтарилди
3-саҳифа
−
13 Декабрь 1667 2 дақиқа
Мьянмада одам савдоси қурбонига айланган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Таиланддаги дипломатик ваколатхоналар кўмагида ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, озод этилганлар Таиландга интернетдаги юқори маошли иш таклифи билан келган. Уларга Ўзбекистондан ҳатто бепул авиачипта тақдим этилган. Бироқ улар Таиландга етиб борганидан сўнг, алдов йўли билан Мьянма ҳудудига ноқонуний олиб ўтилган. У ерда фуқаролар одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қўлига тушиб, фирибгарлик билан шуғулланувчи телефон марказларида ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган шахслар жисмоний зўравонлик ва таҳдидларга дучор бўлган.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасига бир гуруҳ фуқаролар Мьянмада одам савдоси қурбонига айлангани ҳақида хабар бериб, ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Қирғизистоннинг Таиландда дипломатик ваколатхонаси йўқлиги сабабли, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари қўшни давлат илтимосига биноан қирғиз фуқароларини ҳам ватанга қайтаришга ёрдам берган.
Мьянма ва Таиланднинг ваколат органлари билан олиб борилган келишув ҳаракатлари ва музокаралар натижасида уч давлат фуқаролари озод қилиниб, Маесот чегара пунктида дипломатларга топширилган. Уларга вақтинчалик тураржой ва озиқ-овқат ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик аёл Покистонда қамоқда сақланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Нигора Муҳаммадиева
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь