Мадуро иши бўйича илк суд мажлиси бўлиб ўтди
Олам
−
05 Январь 7876 2 дақиқа
Бугун, 5 январь куни Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Нью-Йорк судида иштирок этиб, ўзларига қўйилган айбловларни тан олмасликларини маълум қилди. Шунингдек, Мадуро ўзини ҳалол инсон деб атади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, Николас Мадуро судда унга қўйилган айбловлар бўйича ўз айбсизлигини билдирган. Нью-Йоркдаги суд мажлисида у ўзини ҳалол инсон эканини айтиб, ҳануз Венесуэла президенти бўлиб қолаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, Мадуро судда испан тилида сўзлаган ва таржимон хизматидан фойдаланган. Суд томонидан унга тўртта банд бўйича, жумладан, гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Унинг рафиқаси Силия Флорес ҳам барча айбловларни рад этган.
АҚШ суди Мадурога Венесуэла консуллик ходимлари билан учрашишга рухсат берган. Кейинги суд мажлиси жорий йил 17 март куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ кучлари томонидан қўлга олинган Николас Мадуро Bearcat машинаси ва вертолёт ёрдамида Манхэттен федерал судига етказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Жорий йил 3 январь куни тунда Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида портлашлар содир бўлганди. Шундан сўнг АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Венесуэлага кенг кўламли зарбалар берганини, Венесуэла президенти Николас Мадуро эса рафиқаси билан бирга қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини билдирди.
АҚШ расмийлари эр-хотинни “наркотерроризм”да айбламоқда, яқин вақт ичида улар АҚШ судида жавоб беради.
Ҳозирда Венесуэла вице-президенти Делси Родригес мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. У Мадуро ва унинг рафиқасини зудлик билан озод қилишни талаб қилмоқда. Маълум қилинишича, улар аллақачон Бруклиндаги (Нью-Йорк) тергов изоляторига етказилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, АҚШнинг Венесуэлада ўтказган операцияси оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлган.