“Манчестер Сити”да яна дурранг, “Арсенал” очко йўқотди: АПЛда кураш қизимоқда

Спорт

image

Кеча, 8 январь куни Англия Премьер-лигасининг 21-тури доирасида учрашувлар якунланди. Турнинг марказий баҳсида “Арсенал” “Ливерпуль” билан баҳсда муроса кўчасини танлади. “Манчестер Сити” ҳам ўз майдонида “Брайтон”ни мағлуб эта олмади ва ўйин дуранг натижа билан якунланди. Шунингдек, “Челси” сафарда “Фулҳэм”га қарши ўйинда кутилмаган мағлубиятга учраб, муҳим очколарни бой берди. “Манчестер Юнайтед” ҳам ўз учрашувида ғалабага эриша олмади ва турни дуранг натижа билан якунлади.  

“Вест Ҳэм”-“Ноттингем Форест” – 1:2. АПЛнинг 21-тури айнан ушбу жамоалар ўртасидаги учрашув билан бошланди. Дастлаб, мезбонлар ҳисобни очганига қарамай, “Ноттингем Форест” иккинчи бўлимда фаолликни оширди. Натижада Николас Домингес ҳамда Морган Гиббс-Уайт томонидан киритилган голлар жамоага ғалаба олиб келди.

“Борнмут”-“Тоттенхэм” – 3:2. Қарама-қарши ҳужумлар ва голларга бой ўтган учрашувда “Борнмут” сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига ғалабага эришди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда “Манчестер Сити”га трансфери ҳал бўлган Семеньо томонидан киритилган гол жамоасига муҳим уч очко олиб келди.

“Брентфорд”-“Сандерленд” – 3:0. Ушбу баҳсда “Брентфорд” ўз майдонида “Сандерленд” устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Мезбонлар сафидан Игор Тиаго икки марта, Егор Ярмолюк эса бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди.

“Кристал Пэлас”-“Астон Вилла” – 0:0. Тур доирасидаги ягона голсиз учрашув айнан ушбу жамоалар ўртасида бўлиб ўтди. Ҳар икки томон ҳам ҳимояга катта эътибор қаратди ва ўйин нурсиз дуранг билан якунланди.

“Эвертон”-“Вулверхэмптон” – 1:1. Бу баҳсда ҳам жамоалар дуранг натижа қайд этди. Қизил карточкалар ва курашларга бой ўтган учрашув якунида томонлар бир очкога эга бўлди. 

“Фулҳэм”-“Челси” – 2:1. Лондон дербисида “Фулҳэм” ўз ҳамшаҳарларини минимал фарқ билан мағлубиятга учратди. Мезбонлар сафида Раул Хименес ва Гарри Уилсон ғалаба голларининг муаллифи бўлди.

“Манчестер Сити”-“Брайтон” – 1:1. 2026 йилда кетма-кет иккинчи учрашувда дуранг қайд этган “Сити” бу сафар ҳам “Брайтон” билан очколарни бўлишиб олди. Учрашувда Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.

“Бёрнли”-“Манчестер Юнайтед” – 2:2. Ўтган турдан сўнг бош мураббийи истеъфога чиққан “Манчестер Юнайтед” мазкур турда “Бёрнли” майдонига сафар уюштирди. Қаттиқ кураш остида ўтган баҳс жанговар дуранг билан якунланди.

“Ньюкасл”-“Лидс” – 4:3. Турнинг энг томошабоп ва голларга бой учрашувида “Ньюкасл” катта қийинчилик билан “Лидс”ни мағлубиятга учратди. Ушбу ғалаба жамоани турнир жадвалида кучли бешликка яқинлаштирди.

“Арсенал”-“Ливерпуль” – 0:0. Турнинг энг марказий баҳси жамоалар голсиз дуранг қайд этди. Шунга қарамай “Арсенал” ҳамон турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Маълумот учун, айни пайтда турнир жадвалида Лондоннинг “Арсенал” жамоаси 49 очко билан пешқадамлик қилмоқда. “Манчестер Сити” 43 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда, “Астон Вилла” эса худди шу кўрсаткич билан учинчи поғонани эгаллаб турибди. Англия Премьер-лигасида навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 17 январь санасидан бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Англия Премьер-лигаси “Ливерпуль” “Манчестер Сити” “Арсенал”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг