Маст ҳолда машина олиб қочган судья ишдан олинди
3-саҳифа
−
30 Апрель 16878 2 дақиқа
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди судьяси маст ҳолда автомашинани олиб қочгани ҳақида хабарлар тарқалиб, судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани хабар қилинганди. Ушбу судья лавозимидан озод қилинди ҳамда унинг судьялик ваколати муддатидан илгари тугатилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши хабар берди.
Қайд этилишича, хизмат текшируви хулосаси Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатида муҳокама қилиниб, қабул қилинган қарорга кўра, Рустам Раҳмонов исмли ушбу судья ёзма аризаси ва Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани асослари билан лавозимидан озод қилинган ҳамда судьялик ваколати муддатидан олдин тугатилган.
Ҳозирда бошқа судьяларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам ўрганилиб, хизмат текширувининг уларга оид қисми кўриб чиқиш учун тегишли суд судьялари малака ҳайъатига тақдим этилган.
Рустам Раҳмонов 2024 йилнинг декабрь ойида Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси лавозимида бўлишининг навбатдаги 10 йиллик муддатига тайинланганди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-моддасида транспорт воситасини олиб қочиш бўйича жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, транспорт воситасини олиб қочган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Ўша ҳаракат такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида ўғрилик ёки талончилик йўли билан содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар машинани олиб қочиш жинояти ўта хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида босқинчилик йўли билан содир этилган бўлса, жиноятни содир этган шахс 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида қизиқчи Шукурулло Исроиловнинг автомобили олиб қочилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу машинани олиб қочган йигит 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида маст ҳолатда автомашина олиб қочган тожикистонлик 3 йил-у 6 ойга қамалди.