Мексика Президенти кучли зилзила сабаб брифингни тўхтатди (видео)
Олам
−
03 Январь 4551 1 дақиқа
Кеча, 2 январь куни Мексикада кучли зилзила содир бўлди. Ер силкиниши вақтида мамлакат Президенти Клаудия Шейнбаум брифингни тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳодиса оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Мексикада магнитудаси 6,5 бўлган зилзила қайд этилган. Унинг эпицентри Герреро штатидаги Сан-Маркос шаҳарчаси ҳудудида жойлашган. Ерости силкинишлари мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида сезилган. Зилзила оқибатида камида икки киши вафот этган.
Ҳалок бўлганлардан бири 60 ёшли эркак бўлиб, у ўз квартирасидан эвакуация қилинаётган пайтда ўзини ёмон ҳис қилиб йиқилган. Яна бир қурбон эпицентр яқинида яшаган 50 ёшли аёл бўлиб, у ўз уйининг вайроналари остида қолиб кетган. Шунингдек, Герреро штати пойтахти Чилпансинго шаҳридаги шифохона биносига зарар етган, беморларнинг бир қисми эвакуация қилинган.
Зилзила эпицентрдан тахминан 400 километр узоқликда жойлашган Мексико шаҳрида ҳам сезилган. Айнан шу зилзила 2026 йилнинг илк брифингини ўтказаётган Президент Клаудия Шейнбаумнинг чиқишини тўхтатиб қўйган. Бир муддатдан сўнг брифингни қайта давом эттирган Шейнбаум жиддий вайронагарчиликлар қайд этилмаганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг шимолида 7,5 магнитудали зилзила содир бўлиши оқибатида 30 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган эди.
Live
Барчаси