2026 оғир синовли келади – Йилга назар

Таҳлил

Яна бир йилни ортда қолдиряпмиз. Вақт оқар сувдек ўтиб кетяпти. Улғайяпмиз, масъулиятимиз, ташвишларимиз, муаммоларимиз ортяпти. Ҳаётнинг ўзи янгидан янги синовларни қаршимиздан чиқаряпти. Шахсий синовлар ҳақида гапирмаяпман, бутун давлат, жамият, инсоният олдида турган синовлар борки, дахлдорлигимизни ошириш, иштирокимизни кенгайтириш, четдан томошибан бўлиб туриш эмас, майдонда тўп суришга ундайди. Айниқса, Ўзбекистонда! Хўш, ортга назар солинг. Бу йил нимага эришдингиз? Ижтимоий турмушингизда нималар ўзгарди. Даромадингиз ўсдими, уй олдингизми, машинали бўлдингизми, рўзғорингиз баракаландими? Нимаси билан ёдда қоляпти бу йил. 

Шавкат Мирзиёевнинг Россияга сафари

Тугаётган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ҳар йили декабрь ойи охирида амалга оширадиган ва йиллик хорижий сафарларни якунлаб берадиган амалий ташриф билан бошланди. Давлат раҳбари Япониядан тўғри Санкт-Петербургга келди ва 21-22 декабрь кунлари Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида ва МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. 

Президент ЕОИИ йиғилишидаги нутқида тузилма мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши эканини билдирди. 

Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида божхона чегаралари орқали ўтказилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотни алмашиш тўғрисида битим тузиш юзасидан музокараларни бошлаш қарори қабул қилинди. Техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаш ва божхона маъмуриятчилигидаги тафовутлар билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича “Ўзбекистон – EОИИ” қўшма мувофиқлаштирувчи гуруҳини тузиш таклиф этилди. 

Президентга кўра, Ўзбекистон EОИИ билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳам иштирок этди. Унда бу йилдаги ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йил учун устувор вазифалар белгилаб олингн. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган. 

Ташриф баҳонасида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилди. 

Тугаётган йилда Россия Ўзбекистоннинг асосий ҳамкор давлати ўлароқ рўйхат бошида келди. Йил бошидан буён Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин, Ҳукумати Раисининг ўринбосарилари Денис Мантуров, Марат Хуснуллин, Александр Новак, Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин, Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов каби расмийлар Ўзбекистонга келиб, Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Икки давлат Президентлари ўртасида йил давомида 9 та телефон мулоқоти кечди. Давлат раҳбарлари Москва, Минск, Пекин ва Душанбедаги тадбирларда учрашдилар.

2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 30,9 млрд АҚШ долларни ташкил этган бўлиб, 4 млрд долларлик ҳисса билан Россия рўйхатнинг бошида келмоқда. Умуман, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 16,2 фоизи Россия билан боғлиқ. Сайёҳлар ташрифи бўйича Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан кейинги ўринда турган Россиядан январь-ноябрь ойларида 923,8 минг нафар турист келган. Ўзбекистонда чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 17,9 мингтага етган бўлса, шундан 3 209 таси Россия чекига тушган.

Аммо АҚШ ва Европа мамлакатлари Россиянинг Украинага босқини фонида қатор ўзбекистонлик тадбиркорлар ва бизнес субъектларни Россия билан иқтисодий ҳамкорлиги учун санкциялар рўйхатига киритишда давом этмоқда. Масалан декабрь ойида Фарғона кимё заводи, Gelion Business Trade, Chemistry International, Raw Materials Cellulose компаниялари, шунингдек, Тошкентда туғилган Рустам Мўминов Британия қора рўйхатига кирди. Ноябрь ойида Рустам Мўминов номи Европа Иттифоқининг 19-санкциялар пакетида ҳам тилга олинганди.

Шу ўринда айтиш ўринли, Президент Россияга борган куни унинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили Азизбек Ўрунов Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан биргаликда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида икки томонлама бозорга кириш музокараларини якунловчи протоколни имзолади. Олдинда эса Тайвань билан музокаралар жараёни қолди ва қарабсизки, 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлиш жараёни тўлиқ якунланади. Бу албатта, Ўзбекистон учун жуда кутилган воқеалик, тарихий қадам. Бироқ, мамлакат ичидаги тадбиркорлар учун ҳақиқий синов. Унга бардош бера олган, рақобатга чидамли ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи гуллайди, мослашолмаганларга эса қийин бўлиши турган гап. 

Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан гаплашди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга қайтгани биланоқ унга Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампдан қўнғироқ бўлди. Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари таомилга кўра мамлакатлари халқларини Янги йил билан табриклаган. 

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиққан.

Шавкат Мирзиёев яна бир бор Президент Дональд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юксак баҳо бериб, унинг ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади. Ёдингизда бўлса, Мирзиёев Трампни дунёда 7 таа низога чек қўйгани учун Нобель мукофотига лойиқ деб атаганди. Аммо, бу йил Нобель Трампга насиб этмади. 

Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари тарихда илк бор мисли кўрилмаган даражага чиқди. Суҳбатда ҳам икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани мулоқотнинг асосий мавзуси бўлган. 

Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш ниятини тасдиқладилар ҳамда амалий ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суришга келишиб олган. Мирзиёев Америка етакчисини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга таклиф қилган. 

Трамп Марказий Осиёнинг яна бир давлати – Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт-Тўқаевга ҳам қўнгироқ қилган. У Тўқаев ва Мирзиёев билан суҳбат ҳақида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзаркан, икки давлат Президентини ҳам 2026 йилда Майамида бўлиб ўтадиган катта йигирматалик давлатлари раҳбарларининг саммитига таклиф қилишини билдирган. 

Умуман олганда тугаётган йил Ўзбекистон ва АҚШ учун муҳим тарихий йил бўлди. Сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка борган Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчи компаниялари, инвестиция жамғармалари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан самарали мулоқотлар ўтказди. АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди, муҳим ҳужжатлар имзоланди. 

Дональд Трамп билан тарихий ва шов-шувли учрашув бўлиб ўтди. Унда Трамп Ўзбекистон Президентини буюк лидер ва Ўзбекистонни пули кўп мамлакат деди. 

Ушбу йиғинда Ўзбекистон АҚШ билан 105 миллиард долларлик шартномалар имзолагани айтилди. “Uzbekistan Airways” 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига 22 та "787 Dreamliner" сотиб олиши билдирилди. 

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6-7 ноябрь кунлари яна АҚШга борди. Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг C5+1 форматидаги саммитида иштирок этди.

Айни вақтда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Кенгаш фаолиятини Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошқариб боради. Президент Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди 

Президент мурожаатнома йўллади

2026 йилда ҳам Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Иордания, Кувайт, Ўмон, Ҳиндистон, Покистон Ўзбекистоннинг асосий шериклари бўлиб қолади. Шунингдек, бошқа давлатлар билан кўпқиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев анъанага айланган йиллик Мурожаатномасида айтиб ўтди. 

Давлат раҳбари муҳим рақамларни ўртага ташлади. Бу йил Ўзбекистон тарихида биринчи марта марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди ва келаси йили 160 миллард долларлик маррадан ўтилади. Хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етган. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. 2030 йилгача у 240 миллиард доллардан оширилишига ваъда берди. Ўзбекистоннинг бу йилдаги олтин-валюта захираси эса илк бор 60 миллиард доллардан ошди.

Давлат раҳбарининг фикрича, жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо ҳақиқий демократия бу маҳаллада. Шу боис давлат раҳбари 2026 йилда маҳаллага эътибор кучайтирилишини билдириб, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилди. 

Президент Мурожаатномада астрономия илми билимдони, буюк давлат ва фан арбоби Мирзо Улуғбек номини бот-бот тилга олиб, Ўзбекистон анча йиллар кечиккан ишга бу йилга журъат билан қадам босилганини эълон қилди. У ҳам бўлса космосга илк ўзбек фазогирини юбориш. 

Маълумки, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини Парламант белгилаб беради. Президентнинг фикрича бу етарли эмас ва бундан буён давлат кафолати остида олинадиган ташқи қарзни ҳам парламент тасдиқлаши керак. 

Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирилади. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади. 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади. 

Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.

Президент Ўзбекистонда ҳамон ўзидан “кўча” ясаб олганлар, тидбиркорлар, инвесторларнинг бизнесига чангал солаётганлар борлиги, улар орасида спортчилар ҳам учрашини яхши билади ва унинг билдиришича, 2026 йилда ҳам бундай жиноий тўдаларга қарши кураш давом этади. 

Давлат раҳбари хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масаласида ҳам ташвишда эканини билдирди. Унинг фикрича, оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас, бу – бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Президент бу гал коррупция масаласида ҳам жиддий гапирди ва гапираётиб залдаги амалдорлар кўзига тик қаради. Лавозими ва унвонини пеш қилиб, менга ҳеч ким тегмайди деб ўйлаган амалдорлар қаттиқ адашишини алоҳида урғулади ва Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмаслигини айтди. 

Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади. Президент Администрацияси Комплаенс хизмати бу тизимни 1 январдан бошлаб барча давлат идоралари ва ташкилотларида ишга тушириб, жиловни маҳкам қўлга олади. Мансабидан қатъи назар, порахўрлик ва суиистеъмолчилик бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шахсан менга ахборот киритиб боради.

Ўзбекистон коррупцион жиноятларга бой йилни якунлаяпти

Тугаётган ҳафтада “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Наманган вилоят филиали бошлиғи ўринбосари танишини туманлардан бирининг кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ҳамда омборга келувчи кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириб бериш эвазига 40 000 АҚШ доллари талаб қилган. У белгиланган пулнинг 25 мингини олиб, лавозимга тайинлаш борасидаги ваъдасини бажарган. 15 000 АҚШ доллари ҳамда омборга кўмир ортилган 30 та вагон юборгани учун улуш сифатида 7500 АҚШ доллари, жами 22 500 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, пулни воситачиси орқали олган вақтида қўлга тушган. 

Хоразм вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг катта тезкор вакили эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун ажратилган 12 сотих ер майдонида уй-жой қуриш учун ҳокимиятдан рухсат олиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушди. Бу бир ҳафта содир бўлган ҳолатлардан иккитаси, холос. 

Ўзбекистон коррупцион жиноятларга бой йилни якунлаяптики, давлат раҳбари келгуси йилда фавқулодда ҳолатни эълон қилди. Ер сотиш, адвокатлик хизматларини кўрсатишда ҳуқуқ-тартибот органлари ва жабрланувчи ёки айбланувчи ўртасида воситачиликни таклиф қилиш, ишга жойлаб қўйиш каби коррупцион жиноятлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўп ўқийсиз. Уларнинг аксарияти наҳанглар қолиб, майда балиқлар ушланаётгани ҳақида ва камдан кам ҳолатда бюджет маблағлари ўмарилаётгани билан боғлиқ материалларга кўзингиз тушади. Аслида дунёнинг деярли барча мамлакатларида энг асосий ўғирлик бюджет маблағларидан бўлади ва ҳатто ўша порахўрликка ўлим жазоси белгиланган мамлакатларда ҳам. 

2025 йиль феврал ойида эълон қилинган “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да Ўзбекистон 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади. Тугаётган йилнинг 11 ойи давомида коррупциявий жиноятлар учун қарийб 2000 киши судланган, шундан 184 нафари Жиноят кодексининг 210-моддаси – пора олиш билан боғлиқ. Аммо экспертлар, жамоатчилик ҳақиқий ҳолатлар расмийлаштирилганидан анча кўплигини айтади.

Коррупциявий ҳолатларнинг тахминан 75 фоизи шаҳар ва туманлар миқёсидаги маиший коррупция шаклида кузатилмоқда, деган статистиканинг ўзи ҳам коррупцияни назорат қилувчи органларнинг имкониятлари қисқа, қўли калта эканини англатади. 

Бу йил давлат раҳбари томонидан икки ҳужжат – “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ва “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Шунга қарамай, коррупция масаласида сергак тортганлар унчалик кўп эмас. 

2024 йил давомида коррупция туфайли давлатга етказилган зарар 2,8 триллион сўмни ташкил этган. Энг кўп коррупциявий зарар Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда. Кўрамиз, 2025 йил ҳисоботи бўйича қайси вилоятлар ва қайси соҳалар юқори ўринларни эгаллайдию давлатга қанча зарар етказилган бўлиб чиқади.

Таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва давлат харидлари, банк ва молия, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамон коррупциянинг асосий ўчоғи бўлиб қолмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланганди.

Бироқ, мана 2025 йилни ҳам якунлаяпмизки, ижродан дарак йўқ. “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилинмади. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтилди, аммо қайсидир токчаларда қабул қилинмай қолиб кетди. Хўш, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини хатловдан ўтказиб, коррупциянинг томирига болта уришга нима тўсқинлик қиляпти?

Бу йил ҳоким ўринбосарлари, ёрдамчилари, прокуратура, ички ишлар, божхона, солиқ, банк ва молия соҳалари, шунингдек, судьялар орасида шов-шувли коррупцион ҳолатларнинг аниқлангани ҳам ушбу қонунни тезроқ қабул қилиш кераклигини англатмоқда. 

Педофиллар жазоланди

Янгиқўрғон туманида жорий йилнинг 14 октябрь куни 7 яшар қиз 38 ёшли қариндоши томонидан зўрланганди. У тугаётган ҳафтада суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва ўта хавфли рецидивист деб топилди. У жазо муддатининг дастлабки 3 йилини турмада, жазонинг қолган муддатини махсус тартибли колонияларда ўтайди.

Шунингдек, шу йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган манзил колонияда жазосини ўтаётган 31 ёшли маҳкум қочиб, 3-синф ўқувчисини зўрлаган эди. 

Суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ҳам 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва ўта хавфли рецидивист деб топилди. 

Бу иккиси хамир учидан патир. Ўзбекистонда тугаётган йил болаларга нисбатан зўравонлик, жинсий таҳдид борасида ўтган йиллардагидан ўтса ўтдики, ортда қолмади. Маълумотларга кўра, 2024 йил давомида Ўзбекистонда жами 412 нафар бола жинсий зўравонликдан жабрланган. Болалар омбудсманининг маърузасига кўра, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 14 та жиноий ва 18 та маъмурий иш қўзғатилган. Жорий йилнинг дастлабки 6 ойи ичида болаларга нисбатан 60 та зўравонлик ҳолати аниқланган ва шу асосда 18 та жиноий иш қўзғатилган.

Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар сони сўнгги йилларда сезиларли ортган. Масалан, 2019 йилда 151 та шундай ҳолат қайд этилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 311 тага етган, яъни икки баробарга ошган.

Ўзбекистон охирги икки йилда бу масалага жиддий эътибор қаратмоқда. Яқинда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари билан учрашиб, ҳақиқий анча оғирлиги ва рақамларни ошкор қилишдан ҳамон қўрқилишини айтганди. 

2024 йил 14 ноябрда "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган бўлса-да, реал ҳаётда болалар ҳуқуқлари у қадар ҳимояланмаган. 

Шунингдек, болалар мамлакатда ҳамон зўравонлик ва таҳдиднинг асосий объекти бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида жами 2 872 нафар вояга етмаган шахс турли жиноятлар қурбони бўлган. Жабрланганларнинг деярли ярми (42,7% ёки 1 225 нафари) 12 ёшгача бўлган болалардир. 2024 йилда Болалар омбудсманига қилинган мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан 2,4 баробарга (1 064 тага) ошган. Мурожаатларнинг 21 фоизи айнан зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ.

Эндиликда зўравонликка учраган ёки хавф остида бўлган болаларга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери берилмоқда.

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларнинг реестри юритилмоқда. Уларга болалар муассасаларида ишлаш ва болалар билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиш тақиқланган.

2025 йил 24 декабрда Президент томонидан 2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди.

ФВБ ходими ўз жонига қасд қилди

21 декабрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Ғазалкент” МФЙ Себзор кўчасидаги далаҳовлида Тошкент шаҳар Учтепа туман ФВБнинг 25 яшар профилактика инспектори далаҳовлида ўз жонига қасд қилди. 

Марҳумнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Чирчиқ ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Умуман олганда, бу йил Ўзбекистонда суицид билан боғлиқ хабарлар сони ортди. Айниқса, булар орасида талабалар, вояга етмаганлар улуши юқори бўлди. 

Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида ўз жонига қасд қилишлар сони бўйича Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин учинчи ўринда туради. Одатда мамлакатда ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ рақамлар ва ҳолатлар давлат сири каби қўриқланади. Мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг тахминан 14%и оилавий жанжаллар ва келишмовчиликлар туфайли содир бўлади. Шунингдек, руҳий тушкунлик (депрессия) ва иқтисодий қийинчиликлар асосий омиллар сифатида кўрилади.

2024 йил давомида ОАВда ўнлаб суицид ҳолатлари, жумладан, кўп қаватли бинолардан сакраш ёки ўзини осиш ҳолатлари хабар қилинган. 2025 йил бошида эса Ўзбекистонда умумий ўлим кўрсаткичининг 2024 йилга нисбатан 1,33% га ошгани кузатилган.

Россияда ўзбекистонлик мигрант Украинадаги урушга жўнатилганини айтди

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон фуқароси бўлган эркак Россияда ўзига нисбатан наркотик савдоси билан боғлиқ туҳмат қўйилганини ва таҳдидлар орқали Украинага қарши урушга юборилгани акс этган видео трендга чиқди. 6 кун давомида ҳибсда сақланган ва бу вақт ичида қаттиқ қийноққа солинган. Судда унга икки вариант таклиф қилинган: бир йил урушда қатнашиш ёки камида 12,5 йилга озодликдан маҳрум этиш.

Тугаётган йил Россияда бўлиб тургун марказий осиёлик мигрантларга нисбатан ўта жиддий воқеалар, ғайриқонуний ҳаракатлар, мазаҳ, камситиш, ҳуқуқларини топташ йили сифатида турихда қолмоқда. Жорий йилнинг 16 декабрь куни Москва вилояти Одинцово шаҳри Горки-2 туманида мактабда тожик миллатига мансуб мигрант оиланинг 10 яшар ўқувчиси шу мактабнинг рус миллатига мансуб 9-синф ўқувчиси томонидан миллатчилик руҳида ўлдирилиши ҳам мигрантларга нисбатан муносабатни юзага чиқарди. 

Албатта, мигрантлар эндиликда Ўзбекистон учун қора доғ эмас, аксинча, Ҳукумат аллақачон улар иқтисодиётда алоҳида улушга эканини тан олган. 2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида Ўзбекистондан 2,36 миллион нафар меҳнат мигранти хорижга кетган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 4% га кўпдир.

2025 йилнинг биринчи ярмида пул ўтказмалари ҳажми 27% га ошиб, 8,2 миллиард долларни ташкил этди. 2025 йилнинг фақат биринчи чорагида мигрантлар юртга 3,3 миллиард доллар юборган.

Ўзбекистонлик мигрантларнинг 92 фоизи асосан учта давлатга тўғри келади. Булар – Россия, Қозоғистон ва Туркия.

Мигрантларга нисбатан муносабатлар борасида АҚШда ҳам вазият жиддий тус олган. Аммо Россиядан фарқли жиҳати шундаки, АҚШ Ўзбекистондан келган мигрантларнинг ноқонуний ташрифини аниқлаганда уларнинг ҳуқуқларини бузмаяпти, топтамаяпти, эмаклатмаяпти ва ҳаммомларга кириб бормаяпти. Масала суд ва қонун орқали ҳал қилиниб, депортация қилинмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, АҚШда тахминан 43 160 нафардан 98 000 нафаргача ўзбекистонлик истиқомат қилади.

Энг катта жамоа Нью-Йоркда тўпланган. Шунингдек, Филадельфия, Чикаго ва Нью-Жерси штатларида йирик ўзбек маҳаллалари мавжуд.

2025 йилги Грин-карта лотереясида Ўзбекистон 5 564 нафар ғолиб билан дунёда 1-ўринни эгаллади. 2021–2023 йиллар оралиғида 13 600 дан ортиқ, 2024 йилнинг ўзида эса (май ойигача) яна 2 900 нафар ўзбекистонлик Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний киришга уринган.

2025 йил давомида АҚШ ҳукумати ноқонуний кирган юзлаб ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун махсус чартер рейсларини ташкил этди, масалан, апрель ойида 100 дан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилган.

АҚШда ўзбекистонлик мигрантлар асосан юк ташувчи автомобил (трак) ҳайдовчилиги, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида меҳнат қилади. Трак ҳайдовчиларининг маоши ойига 5 000 дан 10 000 долларгача етиши мумкин, бироқ 2025 йилда рейдлар кучайгани сабабли ҳайдовчилар эҳтиёткорликка чақирилган.

2025 йилнинг биринчи ярмида АҚШдан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2024 йилга нисбатан 10,3 фоизга ошган. Ўзбекистон АҚШ томонидан жорий этилган янги қатъий виза чекловлари рўйхатига  киритилмаган, бу эса фуқаролар учун кириш имкониятларини сақлаб қолмоқда, аммо бу ўта мураккаб. 

2026 йил 1 январдан Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этишни режалаштирган ва бунга жавобан АҚШдан ўзбекистонликлар учун виза муддатини 10 йилгача узайтириш таклиф қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Шавкат Мирзиёев доллар Тожикистон Европа Ўзбекистон Дональд Трамп Коррупция Украина ИИБ Саида Мирзиёева Нью-Йорк Имомали Раҳмон Мексика Марказий Осиё Америка ФВБ Педофиллар Лев Толстой коррупцион жиноятлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг