Мексикада ўқитувчилар ЖЧни бузиш билан таҳдид қилмоқда (видео)

Спорт

image

Мексикада мактаб ўқитувчилари оммавий норозилик намойишлари орқали Жаҳон чемпионатини бузиш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди. 

Манбага кўра, мактаб ўқитувчилари таълим соҳаси ходимлари меҳнат шароитларини яхшилаш, маошларни икки баравар ошириш ҳамда иш стажига қараб ҳисобланадиган аввалги пенсия тизимини қайта тиклашни талаб қилмоқда.

Ўқитувчилар ўз муаммоларига эътибор қаратиш учун яқинлашиб келаётган Жаҳон чемпионатидан фойдаланишни режалаштирган. Хусусан, мусобақанинг очилиш куни – жорий йилнинг 11 июнь санасида мамлакат бўйлаб оммавий иш ташлаш акцияси ўтказилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ўша кунга қадар миллионлаб ўқитувчилар норозилик намойишида иштирок этиш учун мамлакат пойтахтига бориши мумкинлиги билдирилган.

Намойишчилар аллақачон дастлабки акцияларни бошлаб юборган. Мехико шаҳрида минглаб ўқитувчилар Жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилиш учун ташкил этилаётган мухлислар ҳудуди жойлашган Сокало майдонига киришга уринган.

Норозилар металл тўсиқларни ағдариб ташлаб, асосий ўйинлар намойиш этиладиган улкан экран томон ҳаракатланган. Шундан сўнг полиция аралашиб, намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборган.

Бунга жавобан айрим намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилган, шунингдек, давлат бинолари ва хавфсизлик хизматларига тегишли транспорт воситалари ойнасига шикаст етказган.

Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум ҳам вазият юзасидан муносабат билдирган. Унинг таъкидлашича, ўқитувчилар билан мулоқот давом этмоқда, аммо ҳозирги шароитда уларнинг талабларини тўлиқ бажариш имкони мавжуд эмас. Президент давлат бюджети ҳисобидан маошни фақат 9 фоизга ошириш мумкинлигини маълум қилган.

Шу билан бирга, Жаҳон чемпионатининг очилиш куни мактабларда дарслар бекор қилиниши, хусусий сектор ходимларига эса уйдан туриб ишлаш ёки масофавий меҳнат фаолиятини ташкил этиш тавсия этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Мексика Клаудия Шейнбаум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг