Мирзиёев ва Ван И учрашувда Афғонистон масаласига тўхталди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 21 ноябрь куни ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари стратегик мулоқотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб Ван И Президент Мирзиёевга Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг саломини етказди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, 2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони қарийб 5 мингтани ташкил қилмоқда, йил бошидан буён Хитойдан салкам 15 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Технологик шериклик лойиҳаларининг портфели 90 миллиард долларга яқинлашди.

Мирзиёев ва Ван И юқори технологиялар, “яшил” ва атом энергетикаси, сунъий интеллект, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, геология, кимё ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни илгари суришга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўлини қуриш лойиҳасини фаол амалга ошириш ва уни бошқа транспорт йўлаклари билан боғлаш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва хавфсизлик масалаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп томонлама форматларда яқин сиёсий мулоқот ҳамда ҳамкорликни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликка қарши курашиш, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Ўзбекистонга келди. Саидов хитойлик мавқедошини Тошкентдаги яқинда қуриб битказилган Ислом цивилизацияси марказига олиб борди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин Ван И

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг