Мўйноқда сизиб чиққан катта босимдаги газ 1 ойда жиловланди
3-саҳифа
−
26 Август 7827 3 дақиқа
Аввалроқ, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган “Муйноқ” конида газ сизиб чиққани ҳақида хабар берган эдик. Фавқулодда ҳолатдан 1 ой ўтиб, кондаги газ жиловланди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, содир бўлган газ отқинини бартараф этиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кечаю-кундуз иш олиб борувчи тезкор Штаб ташкил қилиниб, таркибига Ўзбекистон Республикаси Очиқ фаввораларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича харбийлаштирилган қисм, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа масъул мутасадди ташкилотларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг мутахассислари жалб қилинган.
Махсус штаб томонидан газ отқинини бартараф этишга қаратилган тезкор “йўл харитаси” ишлаб чиқилган ва ишлар босқичма-босқич ҳамкор ташкилотлар кўмагида амалга оширилган.
Билдирилишича, бугунги кун ҳолатига кўра, “йўл харитаси”даги барча ишлар малакали маҳаллий мутахассислар ҳамда махсус техника воситалари ёрдамида муваффақиятли бажарилиб, қудуқни бошқариш имкони яратилган.
Хабарда айтилишича, қудуқ турли бахтсиз ҳодисалар, талофатларсиз жиловланган. Мураккаб шароитдаги қудуқни ёпиш ишларини муваффақиятли бажаргани учун 200 нафар ишчига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилган.
Маълумот учун, ушбу ҳодиса жорий йилнинг 26 июль куни содир бўлган. Мўйноқ туманининг “Учсой” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Муйноқ” конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилган. Бу қудуқ – ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кофрун” МФЙда жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борган. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлаганди. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтган. Кейинроқ эса ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этгани маълум бўлди. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. 17 сентябрь куни ҳам соат 16:00 ларда конга қарашли 604-сон қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиққан.
Live
Барчаси