Наманганда фуқаролардан асоссиз пул олган тиббиёт муассасалари аниқланди
3-саҳифа
−
17 Апрель 3999 1 дақиқа
Намангандаги тиббиёт муассасаларида фуқаролардан қарийб 300 млн сўм асоссиз олингани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят ҳудудида фаолият юритаётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида тиббиёт учун мўлжалланган ўлчаш ва синаш воситаларининг метрологик кўрикдан ўтказилганлиги, шунингдек, улардан беморларни кўрикдан ўтказиш жараёнида фойдаланилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида тиббиёт бирлашмалари томонидан фойдаланилаётган тиббий асбоб-ускуналар белгиланган муддатларда метрологик кўрикдан ўтказилмаган ҳолда хизматлар кўрсатилганлиги, шунингдек, нархномада ҳисобга олинган, аммо амалда ишлатилмаган материаллар учун истеъмолчилардан қарийб 300 млн сўм миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу соҳада хизмат кўрсатиш асослари белгиланган қарори талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунида белгиланган тартибда истеъмолчилардан асоссиз олинган маблағларни қайтарилиши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 991 та дорихона нархларни асоссиз оширгани аниқланган эди.
Live
Барчаси